Аждодларимиз жасорати ва қаҳрамонлиги хотирамизда мангу қолажак

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Ушбу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаётга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилганини чуқур ҳис этамиз. Бу йўлда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз.

14.JPG
17.JPG
Давлатимиз томонидан кекса авлод, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти хизматчиларининг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табрикномаси, 5 миллион сўмдан пул мукофоти ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказмоқда.

9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.

Соат 9:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.

Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди – ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Мотамсаро она ҳайкали турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўйилган гулларга бурканди.

21.JPG

26.JPG
27.JPG
Шу куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан уруш ва меҳнат фахрийлари таклиф этилди.Боғ байрамона безатилган. Саҳна ортидаги улкан мониторда халқимизнинг уруш даврида кўрсатган матонати ва жасорати, ёвқур ўғлонларининг мислсиз қаҳрамонликлари акс этган лавҳалар намойиш қилинди. Мардлик, озод Ватан, тинчлик тараннум этилган шиорлардан юраклар жунбушга келди.

Боғ ичидаги майдонда уруш йилларидаги муҳит акс этган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган, Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий техника, қурол-аслаҳа намуналари жойлаштирилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронторти меҳнат фаолияти акс этган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли ижросида мусиқа янгради.

Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Президент Шавкат Мирзиёев минбарга таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерга йиғилганларни, бутун халқимизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан табриклади.

31.JPG

33.JPG

Жанггоҳларда мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қилишимиз, айни вақтда Ватанимиз озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур юртдошларимизнинг номларини ҳам ҳурмат-эҳтиром билан эсга олиш, уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб билишимиз зарурлигини таъкидлади.

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Унда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади.

Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари “Сен етим эмассан”, деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

36.jpg

39.jpg

Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига ҳурмат сифатида барпо этилган ҳайкал қайта ўрнатилгани бу бағрикенгликнинг намунасидир.

Шунингдек, генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги қаршисидаги эски ўрнига қайтарилгани 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон уруши фронтида матонат кўрсатган юртдошларимиз хотирасини улуғлаш йўлидаги яна бир эзгу қадам бўлди.

– 1943 йил урушга кетдим, иккинчи Украина фронтида хизмат қилдим, – дейди Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Маҳмадали ота Сиддиқов. – 1946 йилда юртга қайтиб келдим. У даврларни эслаш биз учун азоб. Ғалабага ҳисса қўшган ўнлаб қуролдош дўстларимиз хоки бегона юртларда қолиб кетди. Урушдан сўнг Самарқанд ўқитувчилар тайёрлаш мактабини тамомлаб, узоқ йиллар ёшларга дарс бердим. Ёшим 96 да, тўрт фарзанд, қирқдан зиёд невара-чевара кўрдим. Бугунги байрам, Президентимизнинг эътибори кўнглимизни тоғдек кўтарди. Шундай кунларга етказганига шукр. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!

Саҳнада ва улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёт акс эттирилган лавҳалар ўтади.

…Ўзбекистон санъат арбоби Туроб Тўланинг «Она монологи» янграйди.

Машҳур сухандон Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози янграйди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отланади. Мониторда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвирланади.

Бу йилги Хотира ва қадрлаш куни тадбирларида Иккинчи жаҳон урушида халқимизнинг тинчлиги ва омонлиги йўлида ўз жонини фидо қилган боболаримизни хотирлаш, бугун орамизда бўлган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, умрига умр қўшишдек олижаноб мақсад кўзланган. Зеро, уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди.

– Бугунги тадбир юртингизда фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди, – дейди Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним. – Байрамга Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан нуронийлар таклиф этилган, ҳарбий либос кийган йигит-қизлар уларга хизмат кўрсатмоқда. Кексаларга иззат-ҳурматли, меҳр-оқибатли бўлиш халқингизга хос юксак фазилатдир. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугунги тинч-осойишта, бахтли-саодатли кунларни таъминлашга ҳисса қўшган фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш ва ҳаётини мазмунан бойитиш йўлидаги бу ҳаракатлар таҳсинга лойиқ.

Байрам дастурида атоқли шоир ва санъаткорларимизнинг шеър ва қўшиқларига кенг ўрин берилгани Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятига мос тушган. Ҳамид Олимжоннинг «Фашизм балоси», Зулфиянинг «Жангга кетган ўғилга», Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» шеърларининг муаллифлардан ёзиб олинган парчалари эшиттирилганда, қалблар ларзага келди.

…Камтарнинг «Фронтдан хат», Ҳабибийнинг «Кўргум келур», Ғафур Ғуломнинг «Йигит омон бўлса», Константин Симоновнинг «Жди меня», Яков Галицкийнинг «Синий платочек» шеърларига басталанган қўшиқлар янгради.

Концерт ҳарбий оркестр ва миллий ижрочилар иштирокида давом этди.

Уруш тугаб, ғалабага эришилгани ҳақида Юрий Левитан эълон қилади.

73 йил олдинги бу қувонч, сурур яна бир бор тадбир иштирокчиларини ҳаяжонга солди.

– Биз бахтли авлодмиз – шундай тинч-осойишта мамлакатда яшаяпмиз, – дейди Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Илҳом Тўлахўжаев. – Бунда бобо-бувиларимизнинг, барча нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз таъкидлаганидек, уларга ғамхўрлик қилиш, умрларини узайтириш учун барча шароитларни яратиш ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир.

– Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётгани замирида жуда катта маъно-мазмун бор, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки. – Иккинчи жаҳон уруши ўтганига анча бўлди, лекин ундан чиқариладиган сабоқ, хулосалар ҳали тугагани йўқ. Бу эса ғалабанинг қадр-қимматини оширади. Ўзбек халқи ана шу улкан ғалабага муносиб ҳисса қўшгани билан фахрланади. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хотирасини ёд этиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, хотира бугунги авлодни тинчликни қадрлашга ўргатади. Президентингиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлиги бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришини қайд этди. Биз бу муносабатларни ғоят қадрлаймиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонамиз.

Уруш йилларининг аянчли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий дастур қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда.

 

Зиёдулла Жонибеков, Матназар Элмуродов, ЎзА