Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари, шунингдек, “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб бориши Бюджет кодексида акс эттирилмоқда.

Бу “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида мазкур қонун дастлабки тарзда атрофлича кўриб чиқилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келган тиббий асбоб-ускуналардан пуллик хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиш имкони ҳам яратилмоқда.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва Бюджетномани Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига киритиш муддати аниқ белгиланмоқда.

Бундан ташқари, бюджет ташкилотларига ижарага берилган ер участкаларидан солиқ ундириш ва тўлаш тартибини, фойдаланилмаётган бинолар, ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкаларига нисбатан тегишли солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинмоқда.

Мажлисда “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу қонун ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи, ер ижараси билан боғлиқ муносабатлар ва хусусийлаштирилган ер участкаларига оид қоидаларни такомиллаштиришга қаратилган қатор нормаларни ўз ичига олади.

Қонунда ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга ижарага берувчининг розилиги асосида бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар томонидан электрон онлайн-аукцион орқали олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар бошқа шахсга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкинлиги кўзда тутилган.

Сенаторлар қонун билан ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар бартараф этилаётганига  эътибор қаратди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА