Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида “Тошкент-2023” II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми доирасида хорижий ҳайкалтарошлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ҳайкалтарошлик симпозиумларини ўтказиш яхши анъанага ҳамда маданий ҳаётимизда муҳим воқеликка айланиб бормоқда.

Мазкур симпозиум Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Учрашувда қайд этилганидек, симпозиумдан мақсад аҳолининг экологик маданияти ва атроф-муҳит объектларини, тарихий-маданий мерос обидаларини сақлаш ва уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш бўйича тарбиялашдан иборат. Маҳобатли ҳайкаллар шаҳарнинг истироҳат боғлари, дам олиш зоналари, кўнгилочар ва сайёҳлик масканларида ўрнатилиб, шаҳар ва унинг меъморчилигига эстетик гўзаллик бахш этмоқда. Мазкур симпозиум ҳайкалтарошлик санъати орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини халқимиз онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий-ландшафт қиёфасини ривожлантириш учун мармардан ҳайкалтарошлик асарлари яратиш, хорижлик ҳайкалтарошлар билан самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашиш учун қулай шарт-шароитни юзага келтириш мақсад қилинган.

Учрашувда хорижий ҳайкалтарошлар Тошкент симпозиумидаги ижодий ишидан ташқари ўз ижоди ҳақида тўхталди. Дунёнинг турли ҳудуларида ўрнатилган ҳайкалларини намойиш қилди.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА