Бундан икки минг икки юз йил аввал ҳозирги Фарғона водийсига келган Хитой императорининг элчиси “Бу юрт ҳунармандчилик ривожланган маданий марказ экан” деб ёзганди ўз ҳисоботида.

Дарҳақиқат Марғилон, Қўқон шаҳарларида қадимий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Сўнгги йилларда эса уста-шогирд анъаналари кучайди, оилавий сулолалар ҳунармандчилик турларини санъат даражасига олиб чиқдилар. Айнан шунинг учун ҳам мана иккинчи бора, Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда.

Хабарингиз бор, фестиваль кеча эрта тонгда бирдамлик юришидан бошланди. Сўнг ҳунармандчилик музейи очилди.

“Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоби тақдимоти ва илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Соат 19.30. Чорлов мусиқаси остида Қўқон Ўрдаси пойида йиғилган 70 давлатдан келган усталар, юртимиз ҳунармандлари иштирокида II Халқаро фестивалнинг тантанали очилиш маросими бошланди.

Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди. Унда, жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда 100 дан зиёд фестиваль ва форумлар ўтказилгани, Қўқонда ўтаётган II Халқаро ҳунармандчилик фестивали эса санъат, дўстлик ва истеъдод ривожига хизмат қилишини алоҳида таъкидланди.

Бутунжаҳон ҳунармандлари кенгаши президенти Саад Ал-Кадумий таҳликали дунё воқеалари даврида Ўзбекистонда бундай ёрқин фестиваль ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи ва ички сиёсатнинг нақадар тўғрилигини кўрсатади, деди.

– Ҳеч шубҳа йўқки, Қўқон фестивали дунё ҳунармандчилиги тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилади.

Фестиваль майдонига иштирокчи мамлакатлар байроқлари олиб кирилди.

Шундан сўнг Ўрдага уйғунлашган саҳнада Ўзбекистон санъат усталарининг гала концерти бошланди.

– Мен узоқ Италиядан келдим. Қўлда тўқилган ипак матодан кўйлаклар дизайнини  яратаман, – дейди ҳунарманд Антонелла Алотто. – Ўзбекистон истеъдодлар мамлакати эканига ишонч ҳосил қилдим.  Қолаверса, давлат раҳбарингизни санъатсевар инсон деб билдик. Уларнинг табригида, айниқса, ёшлардаги қобилият катта истеъдодга айланиши учун барча шароитлар яратилажаги ҳақидаги фикр менга ёқди. Бу қадар гўзал фестивалда иштирок этганимдан бахтиёрман.

Бугун 22 сентябрь куни фестиваль доирасида Риштон кулоллар форуми бўлиб ўтмоқда.

 Муҳаммаджон Обидов,

 Элёр Олимов (видео), ЎзА