Айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Самарқанд вилояти делегацияси вакиллари икки томонлама ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришмоқда.

Хусусан, делегация раҳбари, вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов томонидан хитойлик инвесторларга Самарқанд вилоятининг инвестиция салоҳияти, туризм марказига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, ҳудудда инвестиция муҳитини янада кучайтириш борасидаги ўзгаришларга бағишланган тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, делегация аъзолари йирик корхоналар фаолияти билан танишди. Жумладан, чой ишлаб чиқариш фабрикаси, Сянъян шаҳридаги ёғ ишлаб чиқариш заводида бўлди. Сянъян шаҳри мэри билан келгусида тадбиркорлар билан ишлаш бўйича келишувларга эришилди.

Делегация аъзолари ташриф давомида Янглинг шаҳрида “Қишлоқ хўжалиги технологияларининг 30-халқаро кўргазмаси”да иштирок этди. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев Ўзбекистон павильонини очиб берди.

ЎзА