Дунёни эзгулик сақлайди, деган эди буюк файласуф Румий ҳазратлари. Қўқондаги II халқаро ҳунармандлар фестивали ҳам аллома айтган эзгуликнинг бир кўринишидир. Бугун эрталаб шаҳар марказидаги энг катта кўчага қўл меҳнатининг пешволари, санъати билан одамларга эзгулик таратувчилар йиғилдилар. Уларни бирлаштирган нарса – ҳунар, ҳунар неъматлари эди.

Алвон тасма кесилиб Қўқон II халқаро ҳунармандлар фестивалига старт берилди. У 70 та хорижий мамлакатдан келган 200 дан зиёд ва юртдошларимиз бўлган   700  та ҳунармандлар бирдамлик юришидан бошланди.

Бирдамлик юришида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари вакиллари ҳорижий ҳамкасблари билан иштирок этишди. Биз бирин – кетин уларни сўзга тутдик.

– Мен Туркиянинг Кутания тумани ҳокими доктор Олим Ишекман. Ўзбекистондаги тинчлик, барқарорлик ҳавас қилгуликдир. Биз етти нафар ҳунармандлар билан қатнашяпмиз. Зеро ўзбек ва турк халқлари биродар ва уларнинг санъатлари ҳам ҳамоҳанг. Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлайман. 70 та мамлакат ҳунармандларига ўзаро тажриба алмашиш имконининг берилиши ҳам ана шу очиқликнинг инъикосидир.

– Мен Бирлашган Араб Амирлигидан Ойша Адлман. Сайёҳлик компаниясини бошқараман. Диёрингиз жуда гўзал экан. Келгусида албатта сайёҳлар юбориш ва қўқонликларни эса Абу-Дабига келиб дам олишларини ташкил этаман.

Ҳунармандлар фестивали биз туроператорларга ҳам қулай имкониятлар яратди.

Бугун Ҳунармандлик музейи очилиши, илмий – амалий конференциялар, Риштон кулоллари форуми бўлиб ўтиши режаланган. Бизни кузатиб боринг.

 Муҳаммаджон Обидов,

 Элёр Олимов (видео), ЎзА