Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан суратга олинган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, устоз журналист, марҳум Шарап Уснатдинов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Қалбимда кенг дунё” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

“Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан суратга олинган ушбу фильм премьераси олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда илм-фан, маданият ва санъатни, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида фаол ижод қилган ҳамда бугунги кунда ҳам бу борада ибрат кўрсатиб келаётган атоқли адиблар, ёзувчи ва шоирлар, бастакорлар, кино ва театр санъати намоёндаларининг ижодий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

Шундай адибларнинг бири Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, журналист, сиёсатчи Шарап Уснатдиновдир. У 1942 йил Кегейли туманида туғилди. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатди. “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси сифатида узоқ йиллар ишлади. Унинг “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Сўнгги овчи”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери”, “Шоирнинг ёшлиги” каби роман ва қиссалари китобхонларга мерос бўлиб қолди.

Сценарий муаллифи ва режиссёри Бахтияр Мадияров, оператори Асенбай Асқаров, режиссёр ассиссенти Дамегул Алламуратовадан иборат  ижодий жамоа томонидан суратга олинган ушбу фильмдан таниқли адибнинг болалиги, ижодий фаолияти, оиласи, ижодкор дўстлари, шогирдлари ва шоирни яқиндан билган инсонларнинг хотиралари ўрин олган.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА  мухбирлари.