Литва делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Литва Республикаси ташқи ишлар вазири Линас Линкявичус бошчилигидаги делегация аъзолари 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Литва ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Икки томонлама алоқалар ривожида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Сиёсий партиялар, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари, қўмиталар ва комиссиялар томонидан амалга оширилаётган ишлар, қонунчилик тизимидаги янгиликлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган ишлар барқарор ривожланишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда улкан ўзгаришлар кузатилаётгани, мамлакатда қарор топган тинчлик ва барқарорлик бунда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

– Литва Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори, – деди Л.Линкявичус. – Мамлакатингизда фуқаролик жамиятини қарор топтириш, давлат бошқарувини эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар қатъийлик билан олиб борилмоқда. Бу каби мақсадларга эришишда қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти бўйича ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Учрашувда икки мамлакат олий қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликка доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида “Ўзбекистон – Литва савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Литва делегацияси ҳамда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон – Литва савдо муносабатларида кимё, озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика ҳамда туризм соҳалари етакчилик қилаётгани қайд этилди. 2017 йилда ўзаро товар айланмаси 250 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Мамлакатимизда Литва инвесторлари иштирокидаги 14 корхона фаолият юритмоқда.

Музокаралар давомида меҳмонлар мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган имкониятлар, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган ишлар, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида жорий этилган солиқ ва бошқа имтиёзлар билан таништирилди.

Тадбир доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун ўтказилган кооперацион биржада томонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Литва делегацияси, шунингдек, қатор вазирлик ва идораларда ҳам музокаралар ўтказди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА