Ёнғин хавфсизлигига бағишланди

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари иштирокида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йил 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган сайёр тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги йирик объектлар раҳбарлари, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар, ёнғин техник комиссияси раислари, кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари бошлиқлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник С.Зуфаров, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, майор А.Давлетов ва бошқалар халқ хўжалиги объектлари ва аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ёнғинга қарши курашиш маданиятини ошириш, ёнғин хавфсизлиги профилактикасини кучайтириш борасида олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ёнғин хавфсизлиги шахсий таркибининг малакаси ва кўникмасини мустаҳкамлаш, ёнғинни бартараф қилишга жалб этиладиган куч ва воситаларни бошқариш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, ёнғин назорати ва ёнғинни ўчиришга замонавий фан-техника ютуқлари, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.

Семинар машғулотларида маърузалар тингланиб, ёнғин ўчириш бўйича амалий-тактик машқлар ўтказилди. Унда ёнғиннинг олдини олиш, унга қарши курашиш, ёнғин содир бўлганда оловни ўз вақтида ўчириш жараёнлари бўйича билим ва тушунча берилди.

Тадбир сўнггида Нукус шаҳрида ёнғинни ўчириш автомашиналари, зарур техникалар, турли анжомлар ва ўт ўчирувчилар либослари кўргазмаси ташкил этилди.

 

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА