Жумадан жумагача

Режеп Таййип Эрдоған ва Путин учрашув муддати тўғрисида бир ойдан ошиқ вақт мобайнида турли фаразлар айтилди. Августнинг бошида, ўртасида, охирида бўлар экан, деган гап-сўзлар ортда қолиб, ниҳоят, 4 сентябрь куни икки етакчи Сочида музокара ўтказди. 

Туркия ҳукуматига яқин ОАВ кутилган натижага эришилмагани учун ташрифни эҳтиёткорлик билан ёритди. Давлат раҳбарининг аввалги сафарлардаги кўтаринки руҳ сезилмади….

Музокара маркзида “дон шартномаси” тургани аниқ. Туркия Украина, Россия ва БМТ иштирокида эски форматдаги битимга қайтишни қатъиян истаган эди.

cталаби асосида БМТ билан бирга қандайдир янги битим лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани қисман маълум бўлди. Эрдоғаннинг сўзларига кўра, Россия кемаларини суғурталаш ва “Россельхозбанк”нинг халқаро банклараро тўлов тизими – SWIFT билан муносабатисиз ҳамкорликни давом эттириш масаласи устида иш олиб бориляпти…

Путин Сочида яна бир бор Россия аввалдан қўйиб келаётган талаби бажарилмагунча, “дон шартномаси”га қайтмаслигини такрорлади. Унга Туркия ҳудуди орқали Африка мамлакатларига дон етказиб бериш таклифи кўп ҳам маъқул келмаяпти. Бунинг устига Россия шартномадан чиқиб кетгач, дон ташиш бўйича муқобил йўналишлар бўйича музокара ўтказишга яна турк томони хайрихоҳ бўлмади.

Албатта, Туркия “шартнома” қайта ишлаб кетишидан манфаатдор. Рус донини Африкага етказиб беришдан туркларнинг ун саноати камтарона фойда кўриши мумкин.

Эрдоган предложил Путину одностороннее прекращение боевых действий — РБК

Қолаверса, давом этаётган иқтисодий инқироз фонида Эрдоғаннинг тинчликпарвар сиёсатчи сифатидаги имижи расмийлар учун ҳар қачонгидан муҳим. Ҳар ҳолда, глобал дунё сиёсатида Туркия илғор давлатлар қаторида бўлмаса-да, улар Россия – Украина зиддиятини ва дунё озиқ-овқат муаммосини ҳал этишдаги саъй-ҳаракати эътиборга олинишидан умидвор.

Сочида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кўрилди. Бу йўналишда ҳам тўла келишувга эришилмади, дейди таҳлилчилар. Рус газининг эса Туркияга кириб бориши тобора камаймоқда.

Ўтган саккиз ой Русиядан 10 миллиард кубометр газ экспорт қилинган бўлса, ўтган йилнинг айни шу даврида савдо ҳажми 21,5 миллиард кубометрни ташкил этган. Бу бозорда суюлтирилган табиий газ оммалашаётгани билан боғлиқ. Туркия ҳам Жазоир ва Нигериядан шундай газ сотиб олмоқда.

Газ импортига эҳтиёж “Аккую” атом электр станцияси фойдаланишга топширилганидан кейин янаям тушиши кутилмоқда. Мажмуанинг биринчи блоги, режага кўра, кейинги йил иш бошлайди.

Туркия “Росатом” Қора денгиз бўйидаги Синопда иккинчи АЭС қуришига умид боғламоқда. Бу ҳақда ҳали келишув йўқ.

Музокара якуни бўйича яна шуни айтиш керакки, Россия – Туркия ўртасидаги совуқчиликка Финляндиянинг НАТОга кириши сабаб, деган тахминлар исботланмади. Бу ҳам Сочидаги мулоқотнинг муҳим жиҳатларидан биридир.

Россиянинг Африкадаги роли ошиб бориши бу қитъада фаоллигини тобора ошираётган Туркия манфаатига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Ҳаммасидан бурун рус дони Африкага етказиб берилишига зимдан норозилик шундан. Донни унга айлантириб сотиш эса вазиятни бироз юмшатиши эҳтимоли бор.

Музокаранинг амалдаги натижаси бирор ҳафтадан сўнг, аниқ битимлар имзолангач маълум бўлади…

Путин Африкага дон жўнатиш бўйича олтита давлат билан олиб борилаётган музокара ниҳоясига етиб қолганини таъкидлади.

ОАВга Туркия газ омбори қурилиши яқин орада бошланиши ҳақидаги хабарлар сиздирилмоқда. Бу лойиҳа амалга ошса, Туркия “жаҳон энергетика маркази”га айланишига шубҳа йўқ.

Бугун эса Эрдоғаннинг “дон шартномаси”га қайтиш муждаси эшитилмади…

Саломе Зурабишвили – кетади-кетмайди…

Тбилисида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ва Президент Саломе Зурабишвили ўртасида жиддий сиёсий инқироз юзага келди. 1 сентябрь куни партия етакчиси Ираклий Кобахидзе импичмент жараёни бошланганини маълум қилди. Фракция давлат раҳбарининг парламент билан келишмасдан Европага чиққанини конституция бузилиши, деб ҳисоблади.

Зурабишвили қатор Европа раҳбарлари билан учрашган эди. У сўнгги сафарини 31 августда Германиядан бошлашни режалаб, Грузия ЕИга номзод мақомини олиши учун кўмак сўрамоқчи эди.

Хуллас, ўнга яқин давлат, хусусан, Германия, Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари ва Украина сафари қолдирилади.

Официальный визит президента Грузии Саломе Зурабишвили в Армению

Грузия ўн йиллар аввал қатор конституцион ислоҳотлардан кейин парламент республикасига айланган, президентнинг ваколати анча қисқарган. Давлат етакчиси, айниқса, ташқи сиёсий фаолиятда депутатлар ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишиши шарт экани белгилаб қўйилган.

Зурабишвили 2018 йил “Грузия орзуси” билан ғалаба эришган. Ҳатто, Саакашвили даврида Ташқи ишлар вазирлигини ҳам бошқарган.

Саломе ўтган асрнинг 20-йилларида Грузиядан чиқиб кетган эмигрантлар оиласида, Парижда дунёга келган, француз сиёсатчилари ва дипломатларини тайёрлайдиган Париждаги “Sciences Po” институти ва Америкадаги Колумбия университети битирувчиси. 1970-йиллар ўртасида ТИВда иш бошлаган. 2003 йили ўзининг тарихий ватанига элчи этиб тайинланган.

“Рангли инқилоб”дан бир йил ўтгач, Саакашвили Франция Президенти Жак Ширак билан келишиб, “чет эллик элчи”ни вазирликка қўйди. Афсуски, Зурабишвили парламент спикери Нино Буржанадзе билан келишолмай, бир йилдан кейин ТИВдан кетади ва мухолифатга қўшилади.

Унинг Саакашвилига кескин қарши “Грузия йўли” партияси америкарапарастликни намойиш этади. Зурабишвили тортинмай кўча намойишларида қатнаша бошлайди. 2008 йилдаги мухолифат учун энг муваффақиятсиз сайловдан кейин “сиёсатдан чиқиб кетади”. Ўн йил ўтиб эса давлат бошига келади…

Зурабишвили дастлабки баёнотида Москва билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилинмайди, деди ва 2019 йил баҳорида Россияни Грузиянинг душмани, дея эълон қилди.

Москванинг Тбилиси билан муносабатини яхшилаш йўлида жорий этилган, 2000 йилдан бери амалда бўлган грузин фуқароларига виза режимини бекор қилиш ва Россиядан Грузияга тўғридан-тўғри авиарейслар очиш таклифига кескин қарши чиқди. Украинада жанговар ҳаракат давом этар экан, бу чоралар мақбул эмас, деди у.

Президент бунга ҳам қониқмасдан, Саакашвили киритган ва 2012 йилда бекор қилинган россияликлар учун виза тартиби жорий қилинишини талаб қилади.

Давлат раҳбари Нью-Йоркда туриб, ҳукмрон партияга қарши чиқади. “Грузия орзуси” таклиф қилган “Чет эллик агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қайтариб олинишини қаттиқ талаб қилади. Бу қонун “Москва талаби билан ишлаб чиқилган”, дейишдан ҳам тоймайди.

Бир муддат аввал ҳам ҳукумат президентга импичмент ҳозирлаган, фақат Ғарб мамлакатлари танқидига учрамаслик учун бу ишдан воз кечган эди.

Таҳлилчилар орасида қонуний сайланган президентга Европага боргани учун импичмент эълон қилиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳодиса, дейдиганлар ҳам топилди.

“Грузия орзуси” етакчиси Кобахидзенинг ўзи ҳам 150 депутатдан 100 нафари импичментни қўллаши керак, бунга бизнинг 84 овозимиз етмайди, дея мухолифатни ёрдамга чақирди.

Ҳукмрон партия бу вазиятда геосиёсий таваккалчиликни эътиборга олиши керак. Мухолифат ва ҳар икки президент учинчи “кучлар” йўриғига юряпти…

Икки хил геосиёсат ўйини ўртасида зарар кўрадиган Грузия, азият чекадиган грузин халқи бўлиши ачинарли…

Татаристон дипломатияси…

Ўтган ойларда Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов Россия дипломатиясида фаоллик кўрсатди. Мамлакат субъекти раҳбарига хос бўлмаган ноанъанавий амалларни бажарди.

17 апрелда Миннихонов Кишинёвга келди ва ҳукуматдан Гагаузияга бориш ниятига рад жавоби олди. Молдованлар мухтор республика раҳбари номзоди Виктор Петровни қўллаш учун бораётгани сабабли ҳам унга изн беришмади. Рус матбуоти Молдованинг бу демаршига ўта кескин жавоб беради. Петров эса 16,24 фоиз тўплаб, сайловда учинчи ўринда қолди.

Татаристон етакчиси 19-20 август кунлари Будапештда Венгрия давлати ташкил топган кун ва енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати очилиши маросимида қатнашди. Бош вазир Виктор Орбан, шунингдек, Қатар Амири, Озарбайжон, Туркманистон, Туркия ва Босния-Герцоговина раҳбарлари билан кўришди. Халқаро шарҳловчилар Миннихоновнинг халқаро “дон шартномаси” бўйича музокара олиб борганига ишора қилишди ўшанда.

Бундан ташқари, татарлар етакчиси йил бошидан бери икки мартадан Туркманистон ва Туркияга, бир мартадан Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонга борди. Жиддада Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби билан учрашди, Абу-Дабида “AIM Global 2023” форумида иштирок этди…

Экспертлар Татаристон дипломатия фаолияти анъанавий саноат ва илмий салоҳиятни намойиш этиш, қўшма лойиҳалар амалга оширишдан иборат, деб шарҳлашди.

Ашхободда Миннихонов КамАЗ сервис марказини зиёрат этгани, Жиззахда Қозон Федерал университети очилишида қатнашгани эсланди.

Татаристоннинг муҳим ҳамкорлари, асосан, турк тилли мамлакатлар. Замонавий халқаро фаоллик Россия империяси ва собиқ совет иттифоқидан мерос – ўшанда ҳам татар раҳбарлар “турк-ислом дунёси”да воситачилик қилган, дейди таҳлилчилар…

“Дипломатия-иқтисодиёт + маданият” формуласи шов-шувли Гагаузия ва Венгрия сафарида кузатилди. Петров Қозонга сафар билан борганда Миннихоновни Гагузияга таклиф қилган эди.

Гагаузлар турк қавмидан, аммо православия эътиқодида.

Татаристоннинг Венгрия билан ҳамкорлиги эса “дон шартномаси”дан анча аввал бошланган. 2015 йилдан Қозонда Венгрия ваколатхонаси ишлаб турибди. «Татнефть» венгрларнинг “MOL Group” нефть-газ компанияси билан ҳамкор. Икки мамлакат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 2022 йил миллиард долларга яқинлашган.

Венгрияда, яхши маънода, турончилик мафкуравий оқими анча оммабоп. Бу ҳолат венгрларнинг Евросиёдаги турк, угор, фин ва мўғул халқлари умумий тарихига эга эканига ишора қилади.

Татаристоннинг Алексеевск туманида венгрларнинг илк тарихини эслатувчи Большетагинский майдони бор. Табиийки, бу умумий тарихий мерос алоқалар учун жиддий восита.

Бир қарашда, бу ерда Татаристон ташқи сиёсий фаоллиги нуқтаи назаридан, бирор янгилик йўқ, барчаси қадимдан келаётган анъанавий воқеа-ҳодисалар…

БРИКС саммитидаги чиқишида Путин ташкилотнинг кейинги олий даражадаги йиғилиши 2024 йил октябрь ойида Қозонда ташкил этилишини эълон қилди. БРИКС спорт ўйинлари ҳам ёзда Татаристон пойтахтида ўтади.

Аслида, Қозон ўтган асрнинг 90-йиллардан машҳур. Татаристон пойтахтида Бутун дунё татарлари конгресси бўлади. 2005 йил Қозон шаҳарнинг минг йиллиги муносабати билан МДҲ давлат раҳбарлари саммитига мезбонлик қилди. 2009 йилдан бошлаб, бу ерда “Россия – ислом дунёси халқаро иқтисодий форуми” ўтказилиши урфга айланди.

Бутун дунё талабалар ўйинларини ўтказишга 2013 йил асос солинди, ҳануз бу тадбир муваффақиятли давом этиб келмоқда.

Россия ва Татаристон ўртасидаги юрисдикция субъектлари ва ваколатларни чегаралаш тўғрисидаги 1994 ва 2007 йилларда қабул қилинган битимларга кўра, Конституцияга зид келмайдиган ҳолатда Қозоннинг хорижий давлатлар билан муносабат ўрнатишига изн беради.

Расмий Қозоннинг эркинлиги шу ҳужжатларга асосланган…

Бугунгча шу.

Келаси жумада хабарлашгунча!

Аброр Ғуломов,

ЎзА халқаро шарҳловчиси