Япония, Филиппин ва Индонезия давлатларининг қўшма мезбонлигида эркаклар терма жамоалари иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионати 1/4 финал жуфтликлари аниқланиши асносида келгуси йилги ёзги Олимпия ўйинларида қатнашадиган яна иккита терма жамоанинг номи ҳам маълум бўлди.
Ўтказилган чорак финал учрашувларидан сўнг Германия ва Сербия терма жамоалари Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқди.
Икки кун аввал ярим финалга йўл олган АҚШ ва Канада терма жамоалари ҳам Олимпия ўйинлари чиптасини қўлга киритганди.
Шунингдек, Жанубий Судан (Африканинг энг яхши жамоаси), Япония (Осиёнинг энг яхши жамоаси) ва Австралия (Океаниянинг энг яхши жамоаси) волейболчилари ҳам Париж Олимпиадасида қатнашади. Франция терма жамоаси эса мезбон сифатида Олимпиадада иштирок этади.
Бугунгача 8 та давлат терма жамоалари Париж-2024 йўлланмаларини нақд қилишган бўлса, саралашлардан муваффақиятли ўтган 24 та жамоа Париж-2024 да қатнашишдан умидвор.
Олимпия квалификацион турнирларида Литва, Италия, Латвия, Словения, Испания, Черногория, Пуэрто-Рико, Бразилия, Доминикан Республикаси, Греция, Грузия, Миср, Финляндия, Янги Зеландия, Ливан, Филиппин, Мексика, Ангола, Кот-дʼИвуар, Камерун, Багам ороллари, Баҳрайн, Польша ва Хорватия жамоалари қатнашади. Айнан ушбу давлат терма жамоалари Париж-2024 даги 16 жойга даъвогарлик қилмоқда.
Япония, Филиппин ва Индонезия давлатларида ўтказилаётган жаҳон чемпионати мусобақалари 10 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА