Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг маданият саройида “Ҳадиси шариф билимдони” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 86 иштирокчи баҳслашди.

Мусобақада иштирокчиларнинг чиқишлари Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритиб бериш, берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадиси шарифни ифодали ўқиб, таржима қилиш ва ундан олинадиган фойдаларни баён қилиш), ҳадиси шарифни араб тилидаги матнини саҳобийнинг исми билан ёддан айтиб бериш шартлари бўйича умумий 100 баллик тизимда баҳоланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, мусобақада биринчи ўринни Жалолиддин Мамасолиев, иккинчи ўринни Тўлқин Низаматдинов ва учинчи ўринни икки иштирокчи Зарафатдин Сагидуллаев ва Хайтмурат Ережепов эгаллади.

Тадбир давомида томошабинлар ўртасида савол-жавоб викторинаси бўлиб ўтди ва тўғри жавоб эгаларига китоблар совға қилинди.

– Мусобақа жуда қизиқарли ўтди, ундаги махсус викторинада нафақат иштирокчилар, балки йиғилган талабалар, ўқитувчилар ҳамда меҳмонлар ҳадиси шарифни нечоғли билиши бўйича баҳслашди, – дейди Муҳаммад Беруний номидаги Ислом билим юрти ўқитувчиси Аҳмед Яқубов.

 

А.Насирлаев, ЎзА