Профессионал бокснинг тўртта вазнида жаҳон чемпионлигига эришиб, айни пайтда биринчи ярим енгил вазн тоифасида (55,3) WBC ва WBО камарлари соҳиби бўлган япониялик Наоя Иноуэ келажакда кимлар билан жанг қилмоқчи экани хусусида тўхталиб, ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев билан жанг қилишни хоҳлашини билдирган.

Маълумки, япониялик боксчи яқинда Стивен Фултонни муддатидан олдин мағлуб этган ҳолда WBC ва WBО камарлари эгасига айланган эди. Унинг навбатдаги рақиби WBА ва IBF камарлари эгаси Марлон Тапалес ҳисобланади.

Ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев ушбу вазн WBА йўналишида элиминатор жангида иштирок этади ва натижа ижобий бўлган тақдирда Иноуэ-Тапалес баҳси ғолибига мажбурий даъвогарга айланади.

WBA ва IBF йўналишларида собиқ жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев айни пайтда АҚШда машғулот олиб бормоқда.

Аҳмадалиевнинг менежери Вадим Корнилов Муроджоннинг келажаги ҳақида сўз юритиб, WBA саралаш жангига буйруқ берилганидан сўнг Камеданинг жамоаси билан музокаралар бошланганини, лекин у вазнини ўзгартирмоқчи эканлигини, шу сабабли ундан кейинги ўринда турувчи боксчи билан музокара олиб бориш масаласи кун тартибига чиққанини айтиб ўтди.

– Иноуэ ва Тапалес ўртасидаги жангдан сўнг бизда ноҳақлик туфайли бой берилган камарларни қайтариб олиш имконияти вужудга келади. Муроджон Тапалес — Иноуэ жанги ғолибига қарши рингга кўтарилади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам Муроджоннинг Тапалес билан жангини ташкил этиш учун зарур бўладиган барча ишни қиламиз, – дея таъкидлаган Корнилов.

Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBА) август ойи якунларига кўра эълон қилган янгиланган рейтингда Муроджон Аҳмадалиев 1-ўринга кўтарилиб олди. Ўтган ойда ҳамюртимиз 2-ўринда қайд этилган эди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА