Нукусда мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқларни кенг оммага етказишда меҳнат қилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан шоир ва ёзувчилар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимларининг, шунингдек, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари, кино ижодкорлар ҳамда фотосуратчи ва дизайнерларнинг “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” номли бош ғояни ўзида мужассам этган ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Танлов якунида шоир Базарбай Атамуратов, “Еркин Қарақалпақстан”– “Вести Каракалпакстана” газеталари бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Қурбанбай Байниязов, журналист Ўмирбек Ерманов, рассом Василий Жапаров, тележурналист Жулдиз Исламова, “Жеткиншек” газетаси ходими Қабил Бегимов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси Адилбай Жийемуратов ўз йўналиши бўйича ғолиб деб топилди ва ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА