26-27 август кунлари Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Афғонистонда бўлди.

Вазирлик маълумотига кўра, сафар давомида Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Мулло Ҳамидулло Охунзода билан “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” автомобиль йўли бўйлаб экспедиция амалга оширилган. Кузатув жараёнида Кобул шаҳрини мамлакат шимоли, хусусан, Мозори-Шариф билан боғловчи “Саланг” довони ҳамда Покистон чегарасидаги “Торхам” ўтиш манзилидаги вазият ўрганилди.

Икки томонлама музокарада Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлагини шакллантириш, транспорт-логистика корхоналари ҳамкорлигини кучайтириш, халқаро автомобиль ташувчиларга қулай шарт-шароит яратиш, жумладан, Афғонистон ҳудуди бўйлаб транзитга ва бошқа манзилларга юк ташишга қўйилган чекловни олиб ташлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро транзит юк ташувини ривожлантириш учун бор имкониятни сафарбар қилишга келишиб олди.

 

ЎзА