Бугун юртимизда 210 та олийгоҳ, 330 та касб-ҳунар мактаби, қарийб 400 га яқин коллеж ва техникумлар ёшларга ўзлари танлаган соҳалари бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлиш учун имконият майдони бўлиб хизмат қилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, келгусида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш 42 фоизга етказилади. Талабалар сонининг ортиб бориши яхши, албатта. Aммо бу ўсиш параллел равишда талабаларнинг сифатли таълим олиши учун шароит яратиш, энг биринчи навбатда, уйидан олисда таҳсил олишни мақсад қилганлар учун турар жойлар ташкил қилиш вазифасини ўртага қўяди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Назокат Абдуқундузова бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

– Аҳоли ўта зич жойлашган ҳудудларда талабаларни турар жой билан таъминлаш ҳамиша долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Айнан мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида мавжуд ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда қўшимча турар жойлар яратиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳозирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларни турар жойлар билан таъминлаш бўйича республика миқёсида 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ва олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар жойлари қурилиши учун зарур маблағлар ажратилди.

2023 йил якунига қадар республика бўйича 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган ва йил якунига қадар улар тўлиқ қуриб битказилади. 2023 йил 1 июль ҳолатига 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди. Айни пайтда 24 минг 394 ўринли 51 та талабалар турар жойлари қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида, яъни, янги ўқув йили бошланишига қадар республика бўйича жами 6 минг 400 ўринли 11 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилади.

Ижара уйларига бўлган эҳтиёж энг юқори бўлган ва янги ўқув йили бошида муаммо юзага келадиган шаҳар Тошкент шаҳри саналади. Тошкент шаҳрининг ўзида 50 мингдан зиёд талабанинг турар жойга эҳтиёжи мавжуд. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида жами 272 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 159 минг 732 нафари кундузги таълим шаклида ўқийди. Ушбу талабаларнинг 68 минг 400 нафари ёки 43 фоизи ўз уйи ва яқин қариндошлари уйида истиқомат қилади.

Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жами 3 та, 1 минг 800 ўринли талабалар турар жойлари қурилмоқда. Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида талабалар турар жойларини тарқатиш, тақсимлаш жараёнида навбатлар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида белгиланган тартиб ва мезонларга мувофиқ юқори курс талабаларига ётоқхоналар олдиндан (1-босқич талабаларига ТТЖдаги ўринларнинг 60 фоизини сақлаб қолган ҳолда) тақсимланди. Шу тартибда, барча курслар билан қўшиб ҳисоблаганда Тошкент шаҳрида 42 минг 300 нафар ёки 27 фоиз талаба мавжуд 100 та талабалар турар жойларига жойлаштирилади.

Тайёрланган ётоқхоналар ёнғин хавфсизлиги, қишга тайёргарлик даражаси, лифтлари (мавжуд бўлса) созлиги ва сертификацияланганига алоҳида урғу берилиши лозимлиги белгиланган. Университет ҳудудларида талабаларни ётоқхоналар ва ижара уйларига жойлаштириш марказларини йўлга қўйиш, уларда лидер талабалар ҳамда тьюторларнинг фаолиятини ташкил қилишга келишиб олинган.

Алоҳида қайд этишим лозимки, ҳозирда 48 минг 976 нафар талаба (30 фоиз) турар жойларга муҳтож бўлиб, улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади. Тьюторлар орқали ушбу талабалар билан суҳбатлашилганда, 23 минг 774 нафар талаба (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижара хонадони мавжуд эканлигини маълум қилган. Уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйишган.

Ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган, яъни ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган талабалар 25 минг 202 нафарни ташкил этмоқда. Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тьюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда, маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларини топиш ишлари амалга оширилди. Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8 минг 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхати шакллантирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга 24 минг 254 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд.

Қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш ишлари давом этмоқда. Айни пайтда бўш турган ижара хонадонлари тўғрисидаги манзилли рўйхат барча талабаларга етказилмоқда. Ижара хонадонларига жойлашган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ишлари ҳам янги тартибда тўлаб берилади. Ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди.

Талабалар ётоқхонага имтиёзли ва умумий рўйхат мезонлари бўйича кетма-кетликда, навбат асосида жойлаштирилади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА