Фуқаролик паспортини расмийлаштириб бериш учун Озарбайжонда 1 кун, Грузияда 1 соат, Қирғизистонда 3 соат, Қозоғистонда 2 кун вақт талаб этилар экан.

Пойтахтимизда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масаласига бағишланган семинар ўтказилди.

Жаҳон тараққиёт банки ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ходимлари, Тошкент шаҳри ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари иштирок этди.

Қандай қилиб давлат хизматлари кўрсатиш тизимини фуқаролар эҳтиёжларига мослаштириш мумкин? Айни шу савол семинарда муҳокама қилинди. Маърузачилар бу борада илғор хориж тажрибасидан мисоллар келтирди.

Маърузаларда айтилганидек, фуқаролик паспортини расмийлаштириб бериш учун Озарбайжонда 1 кун, Грузияда 1 соат, Қирғизистонда 3 соат, Қозоғистонда 2 кун вақт талаб этилар экан. Юртимизда авваллари бу борадаги вазият анчайин узоқ вақтни талаб этарди. Эндиликда замонавий хизмат кўрсатиш усулларидан фойдаланиш орқали инсонлар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланадиган механизм жорий этилмоқда.

Семинарда Жаҳон банки томонидан «Фуқаролар эҳтиёжларига йўналтирилган давлат хизматларини кўрсатиш кўрсаткичлари» мавзусида ҳисобот тақдим этилди. Европа Иттифоқи кўмагида тайёрланган мазкур ҳисоботда муайян давлат хизматига бўлган эҳтиёжларни баҳолашнинг тўртта воситаси келтирилган бўлиб, улар фуқароларнинг турли тоифалари учун давлат хизматларининг мавжудлиги, хизматнинг тезкорлиги, сифати ва фаолиятнинг шаффофлиги кабилардан иборатдир.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА