Ихтисослашган тиббий хизмат халққа янада яқинлашмоқда. Бир пайтлар илғор хорижий мамлакатлар, кейинчалик асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик операциялар, инновацион диагностика усуллари эндиликда ҳудудларда ҳам босқичма – босқич жорий этилмоқда.
Хусусан, ўтган қисқа даврда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида ҳам катта янгиланишлар юз берди.
Муассасада янги бўлимлар ташкил этилди. Вилоятларда сон суягининг туғма чиқиши, оёқлар деформацияси, суяк синишлари каби патологияларни эрта аниқлаш ва даволаш сифати юқори босқичга кўтарилди.
Натижада олис ва чекка ҳудудлардан узоқ йўл босиб пойтахтга келувчи беморлар сони камайди.
Ўз навбатида, болалар ортопедияси ва болалар травматологияси бўлимлари бирлаштирилгани кичик ёшли беморлар саломатлигини тиклашда қўшимча қулайликлар яратди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон тиббиёти амалиётида ноёб йўналиш — қўл ва оёқ панжаси хирургияси бўлими ташкил этилди. Елка бўғими жароҳатлари ва касалликларини даволашда артроскопик технологияларни татбиқ этиш мақсадида иккинчи артроскопия бўлими фаолияти йўлга қўйилгани соҳадаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Реабилитация – жаҳон тиббиётида энг кўламдор йўналиш. Юртимизда эса бу соҳа энди шакллантирилаётир. Жумладан, марказда ҳам алоҳида реабилитация бўлими очилиши беморларнинг тезроқ ва асоратсиз соғайишини таъминламоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Тиббиётдаги ислоҳотлар: янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” мавзусидаги давра суҳбатида шу каби ютуқлар эътироф этилди.
Тадбир якунида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
ЎзА