Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара пауэрлифтинг бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Мусобақанинг дастлабки кунида 7 нафар вакилимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Чемпионатнинг эркаклар ўртасида 65 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Охунжон Мусурмонқулов 117 кг натижа билан олтин медални қўлга киритди. 72 килограммгача вазн тоифасида эса Умиджон Арзиматов 110 кг натижа қайд этган ҳолда терма жамоамизга иккинчи олтинни келтирди.

Шунингдек, вазни 88 килограммгача бўлган полвонлар ўртасида иштирок этган ҳамюртимиз Жасурбек Йўлдошев 135 кг натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда 55 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Руҳшона Ўктамова 95 килограмм натижа билан олтин медалга сазовар бўлибгина қолмай, Осиё рекордини ҳам янгилашга муваффақ бўлди.

Чемпионатда Фирдавс Ботиров кумуш, Умида Ражабова ҳамда Дилдора Нуриллаева ўз вазнларида бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Шу тариқа делегациямиз мусобақанинг илк кунида 4 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза жами 7 медал жамғарди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА