Озарбайжоннинг Боку шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган жаҳон кубоги баҳслари ўзининг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.

Кеча жаҳон кубоги ярим финал баҳслари якунланди. Унда Магнус Карлсен (Норвегия) Нижат Абасов (Озарбайжон)ни 1,5:0,5 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Фабиано Каруанани 3,5:2,5 ҳисобида енгиб финал йўлланмасига эга чиқди.

Бугун, 22 август куни жаҳон кубоги финали биринчи турида Магнус Карлсен (Норвегия) – Рамешбабу Прагнанандҳа (Ҳиндистон) ўйин ўтказади.

Эртага, 23 август куни жаҳон кубоги финалининг иккинчи тури ҳамда учинчи ўрин учун Фабиано Каруана (АҚШ) – Нижат Абасов (Озарбайжон) ўртасидаги баҳслар ташкил этилади.

Жаҳон кубогининг аёллар ўртасидаги мусобақаларида россиялик Александра Горячкина ғолибликни тантана қилган бўлса, болгариялик Нургюль Салимова иккинчи, украиналик Анна Музичук учинчи ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон кубогида биринчи ўринни қўлга киритган шахматчи 111 минг, иккинчи ўрин соҳиби 80 минг, учинчи ўриндан жой олган шахматчилар 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

 

Т.РЎЗИЕВ,

ЎзА