Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари учун замонавий дарсликлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 1-4-синфлар учун илғор тажрибалар асосида яратилган янги дарсликлар ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда дарсликларнинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова сўзга чиқиб, таълим тизимида кутилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

– Ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умумбашарий қадриятларга содиқлик руҳида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси қилиб вояга етказиш устувор вазифалардан бирига айланиб улгурди, – дейди вазир. – Бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган эзгу ғоя асосида мактабгача ва мактаб таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида таълим соҳасида фаолият юритаётган педагогларнинг моддий-маънавий шароити тубдан яхшиланиб, мактабларда таълим-тарбия сифатини оширишнинг замонавий технологиялари жорий қилинмоқда. Бошланғич синфлар учун ушбу янги дарсликлар ўқувчиларни ҳар томонлама ривожлантириш, нафақат билим, балки замонавий жамиятга муваффақиятли мослашиш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

Шунингдек, мутахассисларнинг сўзларига кўра, «4К» моделига асосланган инновацион ёндашувга эга, янги, замонавий мактаб дарсликлари методологияси болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган бўлиб, қуйидаги асосий компетенцияларни ўз ичига олади.

Коллаборация – дарсликлар ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган тарзда тузилган. Бу ўқувчиларга ҳамкорлик қилиш, самарали фикр алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кўникмаларини ўрганишга кўмаклашади.

Коммуникативлик – дарсликлар ўқувчиларнинг бошқалар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. Ўқувчилар ўз фикрларини аниқ ва равшан ифодалашга, суҳбатдошни тинглашга ва тушунишга, маълумотни етказишда тил воситаларидан унумли фойдаланишга ўрганадилар.

Креатив фикрлаш – дарсликлар ижодий фикрлашни ва янгилик қилиш қобилиятини ривожлантиради. Ўқувчилар ўз мақсадларига эришиш учун янги ёндашувларни қўллашни ўрганадилар, инновацион ечимларни ишлаб чиқадилар ва ижодий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларига эга бўладилар.

Критик фикрлаш – ушбу методология ўқувчиларнинг ахборотни танқидий баҳолаш, ўз фикри ва мулоҳазаларини шакллантириш кўникмаларини ривожлантиради. Ўқувчилар муаммоларга аналитик нуқтаи назардан ёндашишни ўрганадилар ва мантиқий фикрлаш асосида ўз нуқтаи назарини шакллантиради.

Кўргазма давомида кимё, биология ва физика фанларидан тайёрланган виртуал лабораториянинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ундан сўнг “Global Teacher Prize” танлови (“Устоз” миллий мукофоти) тақдимоти ўтказилиб, мазкур танловга старт берилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА