Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, Ички ишлар вазирлиги Академиясида хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади. Бунинг учун Академия тузилмасида Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети ташкил этилади.
Хорижий факультетнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларини белгиланган тартибда қабул қилиш, ўқитиш ва битирув тадбирларини ташкил этиш, ушбу жараёнга жалб этиладиган Академиянинг илмий ва ўқув-тарбиявий бўлинмаларига ҳар томонлама кўмаклашиш;
хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларига таълим бериш шакллари ва технологияларини такомиллаштириш мақсадида республиканинг бошқа соҳалардаги етакчи таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрлари ва Академиянинг курсантлари (тингловчилари) ўртасида маданиятлараро алмашинув бўйича тадбирлар, шунингдек, маданий ва маънавий- маърифий ишларнинг сифатли ўтказилишини мувофиқлаштириш;
хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларига таълим бериш жараёнининг самарадорлигини баҳолаш, маданиятлараро алмашинувнинг янги шаклларини қўллаш ҳамда ўқишнинг таҳлилини амалга ошириш;
хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрлари вақтинча яшаши учун уй-жой ижараси ва маданий-ҳордик, тадбирларини ташкил этиш.
Таълим белгиланган тартибда тузиладиган икки ва кўп томонлама халқаро шартномаларга мувофиқ бепул, имтиёзли ҳамда тўлов асосида амалга оширилади.
ЎзА