Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Юридик таъминлаш бўлими бошлиғи Шерзод Шодмонқулов ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Сардорбек Отамуротов иштирокида янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва унинг мазмун-моҳиятига бағишланган овозли чат бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 3 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун имзоланди. Ушбу қонун жорий йилнинг октябрь ойида кучга кириши белгиланган.

— Янги қонунда қандай янгиликлар назарда тутилди? 

— “Рақобат тўғрисида”ги қонун илгари мавжуд бўлмаган бир қатор нормаларни  акс эттиргани билан ўзига хос ҳужжатдир.

Биринчидан, у амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунларнинг бирлаштирилиши натижасида яратилган бўлиб, асосий мақсади рақобатга қарши ҳаракатларнинг камайиши, иқтисодий фаолият эркинлиги ва иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга қаратилган.

Иккинчидан, амалдаги қонунчиликда рақамли платформалар операторларининг рақобатни чекловчи ва истеъмолчилар манфаатларини камситувчи ҳаракатларига тақиқлар ва давлатнинг тадбиркорлик фаолиятидаги иштирокига талаблар белгиланмаган. Янги қонунда бир қатор тушунчалар киритилган. Амалдаги қонунда рақобат соҳасидаги асосий принциплар кўрсатилмаган эди. Янги таҳрирдаги қонунда эса “инсофли рақобат”, “қонунийлик”, “истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги”, “шаффофлик”, “тенглик” принциплари алоҳида белгиланган.

Илгари қонунчиликда ёритилмаган истеъмолчилар ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда рақобатни ҳимоя қилиш, рақобатга қарши ҳаракатларнинг олдини олиш ва тўхтатиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, товар ва молия бозорларининг самарали фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратиш, товар ва молия бозорлари иштирокчиларининг иқтисодий фаолияти эркинлигини ҳамда товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, рақобат муҳитини яхшилаш ва ривожлантириш учун республика ижро этувчи ҳокимият органларининг жавобгарлигини ошириш каби монополияга қарши давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ўз аксини топган.

Қонунчиликда мавжуд бўлмаган яна бир жиҳат — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Олий Мажлис Сенатига ҳисобдорлиги, ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши янги қонунда алоҳида ўрин олган. Амалдаги қонунчиликдан фарқли ўлароқ, ҳозир ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаши назарда тутилган. Ваколатли давлат органи қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари юзасидан Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ўрнатилган тартибда таклифлар киритади.

Қонунда устун музокара кучи институти ифодаланмоқда. Бу ҳақдаги моддада устун мавқега эга бўлмаган, бироқ корхона томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи дея эътироф этилган. Мазкур норма ҳозирда айрим савдо тармоқларида муайян “юқори музокара устунлиги” борлиги, таъминотчилар билан шартнома тузишда, уларни камситувчи ва фойдали бўлмаган шартларни киритиш ҳолатлари мавжудлиги туфайли қонунда акс эттирилган, — дейди Шерзод Шодмонқулов.

— Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси яқинда бирлаштирилди. Бу икки ташкилотни бирлаштиришдан кўзланган энг асосий мақсад нимада?  

— Иккита қўмитани бирлаштиришдан асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, рақобатни ривожлантиришдан иборат, — дейди Сардорбек Отамуротов. — Биз бу ҳолат бўйича жаҳон тажрибасини кузатиб, амалиётда шундай бирлаштириш асосида фаолият юритиш бор ёки йўқлигини ўргандик. Кўпгина ривожланган давлатлар масалан Сингапур, АҚШ ҳамда Францияда рақобат билан истеъмолчилар бирлаштирилган. Яъни, бир ташкилот уларни ҳимоя қилади, иккинчи ташкилот сиёсатини олиб боради. Бундан кўзланган мақсад рақобатлашиш натижасида  истеъмолчиларга сифатли ва арзон маҳсулотларни етказиш.

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг ҳам пировард мақсади бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Агар кузатадиган бўлсак, янги таҳрирдаги қонунда ҳам асосий масалалар  истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Икки қўмита бирлашиши натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга самарали ёндашиляпти.

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео) ЎзА