Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди.

Ушбу эзгу ташаббус асосида ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиётининг юксак намуналаридан халқимизни ҳар томонлама баҳраманд қилиш, улуғ ота-боболаримиз ва туркий тилда сўpлашувчи халқларнинг буюк алломалари, адибларининг бой адабий мероси, бугунги замонавий адабиётининг сара намуналарини бир мажмуада халқимизга етказиш, ўзбек адабиёти ҳамда туркий тилда сўзлашувчи халқлар адабиёти намуналари билан янада яқиндан таништириш мақсадида туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг миллий адабиёти намуналаридан иборат 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” асарлар мажмуаси нашр этилди.

Ўтган йили Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур муҳташам тўплам ҳақида ҳам тўхталиб, жумладан, шундай деганди: “Биз яқинда ташкилотимизга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини ўзбек тилида нашр қилдик. Ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этсак, қардош элларимизни, авваламбор, ёш авлодларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратган бўлар эдик”.

Тошкент вилояти ахборот-кутубхона марказида “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасини нашрга тайёрлаган ижодкорлар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул вакиллари туркий халқлар ўртасида ягона тарих ва умумий қадриятлар тимсолига айланган адабий алоқалар, 100 жилдлик мажмуа нашр этилишининг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги адабий дипломатияни шакллантиришдаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, мажмуани яратиш билан боғлиқ жараёнлар, бу борада олиб борилган илмий ва ижодий изланишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламига умумтуркий адабиётнинг қадимги даврларидан то ХХI асрнинг шу кунларига қадар яратилган сара намуналар, яъни Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.

Ушбу адабий хазина туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳа сифатида қадрлидир. Мажмуада барча туркий тилли халқлар адабиёти вакилларига кенг ўрин берилган. Хусусан, “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилддан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари ўрин олган.

28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари” билан бошланиб, қорақалпоқ адабиёти намуналарини ҳам ўз ичига олади. Мажмуада турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман ижодиётига ҳам кенг ўрин ажратилган. Жумладан, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Нозим Ҳикмат, Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Самад Вурғун, Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Махтумқули, Мулланафас каби мумтоз ва замонавий адабиётнинг 100 дан ортиқ намояндалари қаламига мансуб ноёб мерос жамланган. Арон Ярош ва таниқли венгер адибларининг машҳур асарлари якунловчи жилд сифатида тақдим этилган.

“Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами жами 1010 нафар муаллифни қамраб олган.

Умуман, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қисқа муддатда катта меҳнат, ижодий иш амалга оширилди. Мажмуа учун материаллар тўплаш мақсадида қардош давлатларга бир неча бор ижодий сафарлар уюштирилди.

50 нафарга яқин адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир, рассомлар мажмуани нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишларига кенг жалб этилди.

Ғоят синчковлик ва катта масъулият талаб қиладиган бундай кенг қамровли ижодий жараёнда шу кунга қадар амалга оширилган таржималар орасидан энг саралари, таржима санъатининг мумтоз намуналари сифатида эътироф этилган етук асарлар танлаб олинди.

Мазкур ижодий лойиҳада Ғафур Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Носир Фозилов, Пиримқул Қодиров сингари устоз адиблар билан бир қаторда, бадиий таржима соҳасининг бугунги авлоди – маҳоратли намояндаларининг ижодий ишларига ҳам алоҳида ўрин берилган. Ушбу 100 жилдлик тўпламни тайёрлашда 200 дан зиёд таржимон қатнашди.

Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар томонидан “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик нашри хусусида батафсил сўз юритилди.

Назокат Усмонова,

Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА