Шу кунларда Иордания пойтахти Амманда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати беллашувлари давом этмоқда.
Дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан 670 нафардан зиёд ёш спортчилар иштирок этаётган мусобақанинг учинчи кунги баҳслари якунига кўра, эркин кураш вакиллари ўртасида бир қатор вазнларда ғолиб ва совриндорлар аниқланган бўлса, аёллар курашида дастлабки беллашувлар бўлиб ўтди.
Эътиборли жиҳати, кеча 16 август кунги мусобақалар якунида эркин курашчимиз Нодирбек Жуманазаров 57 килограмм вазнда жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Истеъдодли спортчимиз саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Бронза медали учун кечган курашда ҳиндистонлик Сагарни 10:0 ҳисобида доғда қолдирди.
Эркин курашчиларимиздан Азизбек Наимов, Камронбек Қадамов, Зафарбек Отахонов мусобақаларни 1/8 финал босқичида якунлади.
Кеча шунингдек, аёллар курашида дастлабки баҳслар ташкил этилди. Қувончли жиҳати, терма жамоамиз аъзоларидан Айсанам Қурбанбаева, Дилшода Матназарова ва Улмекен Эсенбаева саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказиб, чемпионатнинг 1/8 финал босқичига етиб келди.
Бугун, 17 август куни 53 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Дилшода Матназарова кейинги босқичга чиқиш учун қозоғистонлик Алтин Шагаева билан рўбарў келса, 55 килограммда ҳаракатланаётган Айсанам Қурбанбаева АҚШ вакили Эмма Жонс билан, 57 килограммда кураш олиб бораётган Улмекен Эсенбаева Қирғизистон ва Венгрия вакилларининг қарама қаршилигида ғолиб чиққан курашчи қиз билан 1/8 финалда дуч келади.
Жаҳон чемпионати беллашувлари 20 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА