Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида давом этаётган Бутунжаҳон ёшлар олимпиадасининг 4 ва 5-тур ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси Германия ҳамда Туркия жамоалари билан куч синашди.

Кеча, 15 август куни ўтказилган ушбу баҳсларнинг 4-турида ҳамюртларимиз Германия терма жамоасини 3.5:1.5 ҳисобида доғда қолдирди. 5-турда Туркия вакиллари билан куч синашган шахматчиларимиз муросасиз учрашувда рақибларига имкониятни бой берди.

Ортда қолган 5 та тур якунларига кўра, Ўзбекистон шахматчилари 3 очкога эга бўлган ҳолда 63 та жамоа орасида 5-ўринда бормоқда. Биринчи ўриндан жой олган Хитой жамоаси 5 очкога, иккинчи ўринда бораётган Туркия жамоаси 4 очкога эга бўлиб турибди.

Бугун, 16 август куни ўтказиладиган 6-тур баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистон жамоаси билан куч синашади. Ҳиндистонликлар Бутунжаҳон ёшлар олимпиадаси мусобақасида 8-ўринни эгаллаб турибди.

Мусобақалар 18 августга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА