Президентимиз Наманган шаҳридаги “Орзу” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Саноат зонасининг ҳудуди салкам ўн гектарни ташкил этади. Бу ерда енгил саноат, озиқ-овқат, тиббий техника, полиграфия, полиэтилен пакетлари ва плёнкалар ишлаб чиқаришга оид 142 миллиард сўмликдан ортиқ 22 лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Лойиҳалар тўлиқ ҳаётга татбиқ этилгач, йилига 82,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда жами 4 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланишига эришилади.
Саноат зонасининг барча коммуникация ва инфратузулмаларга яқин бўлган майдонда ташкил этилгани келгусида корхоналарни узлуксиз энергия билан таъминлаш имкониятини яратади.
Лойиҳаларда чет элнинг замонавий, энергия тежовчи технологиялардан фойдаланилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу кичик саноат зонасининг имкониятлари, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди.
Тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, рақобатдош маҳсулотлар турларини кўпайтириш, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва экспортни ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилди.