Жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон – Хитой Халқ Республикаси тиббиёт форуми”га тайёргарлик кўриш, икки томонлама ривожланиш истиқболларини белгилаш мақсадида Шинжон тиббиёт университети қошидаги анъанавий Хитой табобати госпиталига ўзбекистонлик бир гуруҳ шифокорларнинг ташрифи уюштирилди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларидан иборат делегация аъзолари дастлаб Хитойнинг замонавий тиббиёти билан танишди.
Хитой табобати госпитали 2 минг ўрин, 27 бўлимдан иборат. Шундан 300 таси травматологик-ортопедик ўринлар бўлиб, асосан катталарда суяк касалликлари, суяк синишлари ва уларнинг асоратлари даволанади.
Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилиниб, аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, бўғим касалликларининг “консерватив ва оператив даволари” масаласи устувор йўналиш сифатида танлаб олиниб, ноанъанавий Хитой тиббиёти усулларини жорий этиш мақсад қилинди.
Хитой тиббиёти ва унинг замонавий тиббиёт билан интеграциялашуви. Госпиталда беморларни даволашга ана шундай ёндашилади. Реабилитация, игна санчиш, физиотерапия бўлимларида ва гиёҳлардан дори тайёрлаш технологияси лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишган шифокорларимиз бу ерда бажарилаётган ишлар ҳақиқатда ҳайратланарли эканини таъкидлади.
Реабилитация бўлимида 120 нафар шифокор фаолият юритиб, бир кунда 3 мингга яқин беморга хизмат кўрсатади.
Ташрифнинг иккинчи куни Шинжон тиббиёт университети ректори Аджай Акбар Исоқ билан учрашув ташкил этилди. Тошкент тиббиёт академияси билан тузилган меморандумлар асосида магистр ва мутахассисларни алмашиш ишларини жадаллаштириш кераклиги айтилди. Қайд этилганидек, ҳозирда университетда 60 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба-ёшлар малака оширмоқда.
Учрашув давомида делегация аъзолари университет фаолияти билан танишди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Хитой табобати госпитали ўртасида травматология ва ортопедия соҳасида тажриба алмашиш, малака ошириш курслари ва маҳорат дарслари орқали мутахассисларни тайёрлаш, ахборот алмашишни назарда тутувчи икки томонлама келишувга эришилди.
Хитойлик мутахассислар “Ўзбекистон-Хитой Халқ Республикаси тиббиёт форуми”да қатнашиш учун юртимизга таклиф этилди.
М.Қосимова, ЎзА