Президентлар қадимий Бухорони сайр қилди

Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Арк қўрғонидан то Лаби ҳовуз мажмуасигача бўлган ҳудудда намойиш этилаётган кўргазма Бухоронинг қадимий ҳунармандлик анъаналарини ўзида акс эттирган. Туну кун ишлайдиган ҳунармандлик расталарида усталар меҳнати билан яратилган буюмлар кишида ҳайрат уйғотади. Сайилгоҳ кўчаси, Тоқи Заргарон мажмуасида намойиш этилаётган дор ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари кишига кўтаринки кайфият улашади.

Бухоронинг тарихий ва меъморий обидалари миллий ҳунармандлик маҳсулотлари туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи якунига етди.

Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.

 

Матназар Элмуродов, Эркин Ёдгоров, ЎзА