Ижтимоий тармоқ орқали мамлакатнинг Исроил билан алоқасини яхшилашга урингани учун Қиролни танқид қилган марокашлик интернет фойдаланувчиси беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри унинг адвокатига таяниб хабар берди.
– 48 ёшли Саид Букиуд душанба куни “қиролни танқид қилиш” мазмунидаги изоҳлари учун қамоққа олинди, – деди адвокат Ал-Ҳасан Ассуни. – У ҳукмдан норози бўлиб, апелляция берганини ҳам қўшимча қилди.
Мамлакат конституциясига кўра, давлатнинг ташқи ишлари монарх Қирол Муҳаммад VI ваколатига киради. Марокаш ва Исроил 2020 йил декабрда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Иброҳим келишуви (2020 йил 15 сентябрда имзоланган Исроил давлати ва БАА ўртасидаги муносабатни яхшилаш тўғрисидаги келишув) доирасида ярашган.
Касабланка (арабча Дор ул-Байзо) судининг ҳукми “қатъий ва тушунарсиз”, деди адвокат.
Касабланка – Марокаш ғарбидаги шаҳар, Атлантика океани соҳилида жойлашган.
Ижтимоий тармоқдаги изоҳлар 2020 йил охири – Букиуд Қатарда яшаб, ишлаган пайтга тўғри келади.
У Марокашда жиноий жавобгарликка тортилаётганини билгач, постларни ўчириб ташлади ва аккаунтини ёпди, деди адвокат.
Букиуд Жиноят кодексининг 267-5 моддаси бўйича айбдор, деб топилди. Ушбу моддага кўра, монархияга путур етказган ҳар қандай кишига олти ойдан икки йилгача қамоқ жазоси белгиланади. Жиноят ошкора, жумладан, электрон восита орқали содир этилган бўлса, жазо беш йилгача оширилиши мумкин.
Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, қонун сўз эркинлигига тўсқинлик қилади. Яъни, матнда монархияга “қандай ҳужум бўлиши мумкин”лиги аниқ кўрсатилмаган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА