Бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖ 14 минг километрга яқин магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатади. Уларнинг аксарияти бир неча ўн йиллар давомида эксплуатация қилинмоқда.

Шунга қарамай, газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, табиий газни магистрал газ қувурлари орқали ташишдаги йўқотишларни минималлаштириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизнинг турли нуқталарида бу жараёнлар тизимли ташкил этилиб, янги тармоқлар қуриш, мавжудларини реконструкция ҳамда модернизация қилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Урганч магистрал газ қувурлари бошқармаси бош муҳандиси Дилшод Холмуродов қайд этганидек, “Газли-Нукус” магистрал газ қувурида диаметри 1220 мм бўлган магистрал газ қувури республика шимолий ва жанубий қисмларини боғловчи асосий магистрал газ қувурлари ҳисобланади.

–1996-2007 йилларда фойдаланишга топширилган “Газли-Нукус” магистрал газ қувури икки тармоқдан иборат. Ҳар бирининг узунлиги 300 километрдан ортиқ. Ҳозирда айни йўналишдаги қувурнинг 31-километрида ишлар олиб борилмоқда. 2021 йилда “Rosen” компанияси томонидан мазкур магистрал газ қувурининг 159 километрида қувур ички диагностикаси ўтказилган. Натижада унинг 43-66 километрида нуқсонли қисмлар аниқланган. Ҳозирги кунда уларни алмаштириш ишлари олиб борилмоқда, –деди Д.Холмуродов.

Таъкидлаш керакки, қувурларни улаб яхлит бир тармоқ шаклига келтириш мураккаб ҳамда масъулиятли вазифа. Катта диаметрдаги қувурларни бир-бирига улашдек ноқулай ва мураккаб жараёнда мутахассис маҳорати ва тажрибаси, уқуви ва моҳирлиги талаб этилади. Бу жараёнда уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳам жуда зарур.

“Трансгазинжиниринг” директори ўринбосари Шерзод Намозовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда таъмирлаш жараёнига 50 га яқин ишчи-ходимлар, шунингдек, 20 га яқин махсус техника жалб қилинган. Ишлар меҳнат хавфсизлиги қоидаларига асосан бажарилмоқда.

Ўз навбатида, бу ишлар “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурида ҳам давом эттирилмоқда. Диаметри 1020 мм бўлган мазкур қувурлар мажмуи уч тармоқдан иборат бўлиб, бугунги кунда унинг биринчи ҳамда учинчи тармоғидаги нуқсонли қисмлар капитал таъмирланмоқда.

– Айни чоғда “Бухоро-Урал” магистрал газ қувури 1-тармоғининг 39-километрида реконструкция ишлари олиб бориляпти. Мазкур объект “Ўзтрансгаз” АЖнинг 2023 йилда капитал таъмирлаш дастурига киритилган бўлиб, унинг 5,5 километрлик нуқсонли қисмларини алмаштириш кўзда тутилган. Ҳозирда 3,5 километр узунликдаги нуқсонли қисмлари алмаштирилиб, гидросинов ишларига тайёрланмоқда, – деди Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси етакчи муҳандиси Алишер Болтаев.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА