Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида таэквондонинг ГТФ йўналиши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ҳамюртимиз, истеъдодли спортчи Жавлонбек Тўраевнинг спорт фаолиятида юксалишнинг янги нуқтаси бўлиб қолса, ажаб эмас.

Айнан ушбу мусобақада 14 ёшли Жавлонбек 60 килограмм вазнда барча рақибларини мағлуб этиб, жаҳон чемпионлигига эришди. Унинг шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз юксалди.

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 172-мактабнинг 8-синфини тамомлаган Жавлонбек 3 синфлигиданоқ аввал таэквондонинг ИТФ, кейинчалик ГТФ йўналишларида шуғулланди. Биринчи мураббийи Бахтиёр Жумаевдан шарқ яккакурашининг ушбу жозибали тури сир-синоатларини қунт билан ўрганди.

Излаган имкон топади, деганларидек ёш Жавлон дунё бўйлаб карантин чекловлари жорий этилган кезларда ҳам машғулотларни канда қилмади. Мураббийи Достон Каримов билан олиб борган тинимсиз изланишлар, якка тартибда, онлайн тарздаги машқлар қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади.

Аввалига туман ва шаҳар миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятга эришиши уни янги ғалабалар сари илҳомлантирди. Машғулот жараёнидаги назорат-текширув жанглари, таэквондонинг техник-тактик усулларини ўзлаштиришдаги ҳаракатлар ундаги ирода ва матонат хислатлари шаклланишига хизмат қилди. Бу уни ёш бўлишига қарамасдан қора белбоғ соҳиби бўлишини таъминлади. Ўз ёши ва вазни бўйича Ўзбекистон ҳамда қитъа чемпиони бўлди.

Мураббийлари, устозлари, яқинларининг талабчанлиги, ўзидаги қатъият спортдагина эмас, мактабда аъло баҳоларга ўқишидаям асқатмоқда. Жавлонбек тимсолида айтиш лозимки, жисмоний тарбия ва спорт ёшларимизнинг баркамол бўлиши билан бирга билим тафаккури кенг, интеллектуал салоҳияти юқори инсонлар бўлиб камол топишида муҳим роль ўйнайди. Жавлонбек Тўраевнинг Бишкекда кечган жаҳон чемпионатидаги ғалабаси мамлакатимиз ёшларининг янги ғалабалари, янги ютуқлари айнан спорт ва таълимдаги узвийликнинг уйғунлигидан далолат.

Тўлқин РЎЗИЕВ,

ЎзА