Нукусда “Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Сапарбаев иштирокчиларга омад тилаб, мазкур мусобақанинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдаги аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, ҳар йили сенаторлар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт мусобақалари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Унинг иштирокчилари мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон бўйича баҳслашди.

Мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди ва ҳудудий босқичга йўлланмани қўлга киритди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА