Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда иқтисодий ривожлантириш ва либераллаштириш масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Рақамлар билан айтилганда, ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди, сезиларли иқтисодий силжишлар рўй берди. Яъни, 2017 йилда инвестициялар миқдори 2016 йилга нисбатан 1,4 баробарга ошди ва 2,4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Қишлоқ хўжалигида пахта экин майдонлари 49 минг, ғалла майдонлари 10 минг гектарга қисқартирилди ва ўрнига турли озуқабоп экинлар экилди. Хорижий давлатлар билан иқтисодий битимлар натижасида инвестициялар жалб қилиниши ортди. Юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар турли халқаро молия ташкилотлари томонидан эътироф этилди.
Конференция ўз ишини иккита секция бўйича олиб борди. Улар ишида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишнинг муҳим йўналишлари, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш шароитида инновацион менежментнинг ўрни масалалари бўйича фикр алмашилди.
«Ўзбекистонда инновацион ривожланишни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар: муаммолар ва ечимлар», «Давлат бюджети даромадини оширишнинг самарали йўллари», «Ўзбекистон Республикасида валюта сиёсатини либераллаштириш» каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакилларининг турли мавзулардаги фикрлари эса соҳага оид хориж тажрибасини ўрганишда муҳим аҳамият касб этди.
Умуман, конференция давомида 30 дан зиёд илмий маъруза ва чиқишлар қилиниб, айтилган фикрлар қизғин муҳокама қилинди. Шунингдек, анжуманда Малайзия миллий университетидан халқаро эксперт, мамлакат ҳудудларидаги иқтисодий соҳа вакиллари билан интернет орқали (вебинар) мулоқот ўрнатилди.