Ўзбекистон боксчиларида бирон-бир кун йўқки, қайсидир йўналишда, қайсидир боксчимиз фаолиятида, терма жамоа фаолиятида янгилик, ўзгариш бўлмаса. Ўтаётган ҳафта шундай воқеаларга бойлиги билан ажралиб турди.

Ҳафта аввалида терма жамоамизнинг Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” спорт базасида Япония, Вьетнам ва Россия терма жамоалари билан қўшма машғулот ўтказди.

Таниқли боксчиларимиз Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Мужибилло Турсуновнинг эртага, 15 июль куни Таиландда ўтадиган “Чемпионлар оқшоми”да қатнашиши, ёш профессионалларимиз Ҳусниддин Мараимов, Дониёрбек Ҳайиталиев, Шаҳбозбек Толибжонов, Сирожбек Исмоилов ва Довруғбек Ибрагимовларнинг Жанубий Кореяга йўл олгани ҳақидаги қизиқарли хабарлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Шундай янгиликлар ортидан эртага, 15 июль куни Россиянинг Оренбург шаҳрида “Ғалаба кубоги” Бутунроссия турнирининг тўртинчи босқичи доирасидаги суперфинал ва учинчи ўрин учун кечадиган жангларда ҳамюртимиз Одилжон Аслановнинг россиялик Дмитрий Кармановга қарши рингга кўтарилиши тўғрисидаги янгилик яна бир қизиқарли учрашувга гувоҳ бўлишимиздан далолатдир.

Бундан ташқари, ортда қолаётган ҳафтада биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев муҳим жангини сентябрь ойида ўтказиши ҳақидаги хабар боксчимизнинг катта рингда янги ғалабали одим ташлаётганига умид ўйғотиши билан аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, суперярим ўрта вазн тоифасидаги профессионал боксчимиз Исроил Мадримов кейинги жангини британиялик Жеймс Меткалфга қарши ўтказиши Ўзбекистонга яқин йилларда профессионал бокснинг яна бир чемпионлик камари келтирилишига умид уйғотмоқда.

Айни пайтда мазкур жанг бўйича томонлар музокара олиб бораётгани, тўқнашув WВА жаҳон чемпионлик камари учун ўтказилиши бизни шод этган бўлса, суперярим ўрта вазн тоифасида WВА чемпионлик камари соҳиби америкалик Жермелл Чарлони хавотирга солгани бор гап. Боиси, WВА рейтингида биринчи рақамли даъвогар Мадримов ҳисобланса, унинг рақиби Буюк Британиянинг биринчи рақамли боксчиси Жеймс Меткалф ушбу рейтингда учинчи ўринда бормоқда.

Воқеалар ривожидан ўтиб кетмаган тарзда айтиш лозим, эртага мамлакатимиз профессионал бокс ҳаётида ўзига хос воқеа юз беради.

Мамлакатимиз спорт шарафи 15 июль оқшомида халқаро бокс оламида ўзгача оҳангда жаранглайди. Айнан шу куни Жанубий Кореяда Ҳасанбой, Асадхўжа ва Мужибилло, Россиянинг Оренбург шаҳрида бўладиган «Ғалаба кубоги»да Одилжон Асланов Ўзбекистон номини улуғлашга интилади.

Муваффақият интилганларга ёр бўлишини назарда тутсак, чарм қўлқоп усталаримизнинг саъй-ҳаракати, интилишлари зафарли бўлишига ишонгинг келади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА