Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) Халқаро синов агентлиги (ITA) билан оғир атлетика тозалигини сақлаш, антидопинг ҳолатига қарши курашда ҳамкорликни янада кенгайтиради. Бу ҳақда IWF хабар тарқатди. Айтилишича, мутасаддилар ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Лозаннада бўлиб ўтадиган тадбирда шартнома имзолайди.
Ҳар икки ташкилот айни йўналишдаги ҳаракатни 2019 йил бошлаган. Шериклик спортчиларни синовдан ўтказиш, намуналарни сақлаш, илмий тадқиқот, ўқитиш, натижани бошқариш, изланиш олиб бориш ва жойлашув маълумотини тақдим этиш жараёнини қамраб олади.
“Антидопинг стратегиясида ITA билан самарали ҳамкорлик ривожланаётганидан мамнунмиз. Биз сўнгги йилларда спортдаги фирибгарликка қарши курашни кескин кучайтирдик ва ITA айни жараёнда муҳим роль ўйнамоқда», деди IWF Бош котиби Урсо.
Шартномадаги спортчилардан олинадиган синов дастуридан ташқари, таълим ва изланиш йўналишлари ва бошқа хизматлар келишувнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
“Антидопинг сиёсати барча жиҳатларни қамраб олади ва биз тақиқланган моддаларсиз ютуққа эришиш, мусобақаларни адолатли, тоза ўтказишга юз фоиз содиқмиз”, дейилади Халқаро оғир атлетика федерацияси хабарида.
Т.Рўзиев, ЎзА