Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаковга Хўжайли туманида истиқомат қилувчи махсус тоифадаги жами 40 нафар ёш бириктирилган. Улардан 15 нафари ногирон, 10 нафари сурункали касаллиги бор ва 15 нафари миграциядан қайтарилган ёшлардир.
Масъул вакиллар томонидан ушбу ёшларнинг ҳолидан хабар олиниб, мавжуд муаммо ва масалаларга ваколат доирасида ечим топилмоқда. Жумладан 19 ёшли Дилафрўз Маратова болаликдан ногирон. Университетга ўқишга кириб, келажакда иқтисодчи бўлиш орзусида. Унинг қизиқиши ва қобилияти ҳисобга олиниб, масъул идоралар билан ҳамкорликда у “Ёшлар дафтари” га киритилди. Унга бир марталик пул маблағи ажратилиб, 6 ойлик тайёрлов курсларига қатнашиш имконияти яратиб берилди. Ушбу имкониятдан оқилона фойдаланиб, тайёрлов курсларига қатнашаётган Дилафрўз шу йил, албатта, ўзи орзу қилган ўқишга киришга интилмоқда.
Сирожбек Махсетов эса биринчи гуруҳ ногирони. Ҳолидан хабар олгани келган бошқарма бошлиғи И.Казаков у билан дилдан суҳбат қуриб, дардига шифо тилади. Истагига кўра уни “Ёшлар дафтар”ига киритиш чоралари кўриладиган бўлди. Бундан олдин эса малакали мутахассислар томонидан уйида тиббий кўрикдан ўтказилган эди. Ушбу туманда истиқомат қилувчи Бўстон Сапарбаевни ишсизлик муаммоси қийнаётган эди. Ўрта маълумотга эга ёшнинг муаммосига масъул божхоначилар томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида ижобий ечим топилди. У энди “Массагет Нукус сервиc” масъулияти чекланган жамияти ишчиси бўлди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири