Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Анқара (Туркия) шаҳрида ўтказилган “Turkish Open” мусобақасида муваффақиятли иштирок этди.
Турнирнинг сўнгги куни ҳамюртларимиз учун медалларга бой ўтди.
Жумладан, -87 кг вазнда биринчи рақамда сараланган Никита Рафалович барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Шунингдек, кечаги кун доирасида кутилмаганда мусобақа финалида икки ўзбек спортчиси тўқнаш келди. Вазни 74 килограммгача бўлган таэквондочилар ўртасидаги сўнгги ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртларимиз Нажмиддин Қосимхўжаев ва Жасур Жайсунов рақобатлашди. Мазкур беллашувда Ж.Жайсунов ғолиб бўлган бўлса, Н.Қосимхўжаев кумуш медалга эга чиқди.
Шунингдек, 54 килограммгача вазнда беллашган Омонжон Отажонов мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу натижа таэквондочиларимиз учун «Париж-2024» Олимпиадаси йўлидаги рейтинг очколарини тақдим этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири