Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги сиёсий мулоқот давоми сифатида Тошкент шаҳрида кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболларини белгилаш ва ривожлантиришни муҳокама қилиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, жумладан, глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ташриф доирасида Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиқади.
Президентлар Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.
Ташриф дастуридан Туркия делегациясининг Бухоро шаҳрида бўлиши ҳам ўрин олган.
Ўзбекистон – Туркия музокаралари якунида Президентлар икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва уни жадал ривожлантириш масалалари акс этган Қўшма баёнотни имзолаши режалаштирилган.
Ташриф доирасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро турли соҳаларга оид салмоқли ҳужжатлар тўплами ҳамда қатор инвестиция келишувлари имзоланиши кутилмоқда.