Бугун мамлакатимизда бўлиб ўтаётган сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган 800га яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда. Улар ўз кузатувлари юзасидан хулосаларини, фикр-мулоҳазаларини баён қилмоқда.
Жумладан, швейцариялик кузатувчи Картерон Жан-Пол ЎзА мухбирига қуйидагиларни таъкидлади:
— Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараёнда қатнашаётганимдан хурсандман. Шуни айтишим керакки, Ўзбекистонда сўнгги 5-6 йилдан буён туб ўзгаришлар содир бўляпти. Буни халқаро ҳамжамият кўриб турибди. Ўзбекистонда ҳар хил соҳаларнинг жаҳон ҳаётига интеграция қилиниши иқтисодиётни ривожлантиришга туртки беради.
Тошкентдаги кузатувларимдан айтиш мумкинки, сиёсий воқеалар хотиржамлик асосида ўтяпти. Бир нечта сайлов участкаларида бўлганимда сайловчиларнинг кайфиятида кўтаринкилик ва хотиржамликни кўрдим. Ўйлайманки, Ўзбекистонда бундан кейин ҳам ривожланиш давом этади. Юртингизни ривожланган давлатлар қаторида кўришимизга ишонаман ва шундай бўлиши ҳам керак, — дейди халқаро кузатувчи.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА