Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида 2023 йил 7 июль куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да трансформация: замонавий қиёфа ва янги давр” мавзусида тақдимот тадбири ўтказилди. Унда банк бошқаруви раҳбарияти ва банкнинг таркибий тузилмалари масъул ходимлари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси банк тизими ривожланиш жараёнида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” фаолият босқичлари, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳаларга қўшаётган муносиб ҳиссаси, асосий ўзгариш ва янгиланишларга бағишланган тақдимот қилинди. Аҳамиятли жиҳати, халқаро Fitch Rating ва Moody’s кредит агентликлари АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” рейтингини Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтинги билан бир хил даражада тасдиқлади.

Ҳозирда банкда 43 та банк хизматлари офислари, 60 та банк хизматлари марказлари, 129 та валюта айирбошлаш шаҳобчалари, 81 халқаро пул ўтказмалари марказлари ва 334 та банкоматлар орқали мижозларга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Банк томонидан гендер сиёсати қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда аёлларнинг улуши банк ходимларининг 40 фоизига етди. Ходимларнинг умумий сони 2023 фискал йили якунига кўра, 2740 нафарга етди, шундан 502 нафари 30 ёшгача бўлган ходимлардир. Бугунги кунда банк томонидан 1 566 296 нафар мижозга хизмат кўрсатмоқда. Шундан 1 501 273 нафари чакана мижозлар ва 32 784 нафари юридик шахслардир.

Бундан ташқари банк халқаро молия институтлари билан алоқаларни мустаҳкамламоқда, халқаро ҳамкорлар доирасини кенгайтириш борасида фаол иш олиб бормоқда.

Банкнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ва уни амалга ошириш йўл хариталари халқаро консалтинг компанияси PwC билан биргаликда ишлаб чиқилиб, банк кенгаши томонидан 2020 йилда тасдиқланган. Банк стратегиясини амалга оширишда қуйидаги ташқи консультантлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда:

Осиё тараққиёт банки, PWC, Ernst&Young консалтинг компанияси билан трансформация жараёнлари амалга оширилган ва DELOITTE халқаро ташкилотлари билан лойиҳалар қилинган. Ўз навбатида, банкнинг QUANT мобил иловаси орқали 145 000дан ортиқ мижозлар 1 265 000 транзакцияларни бажарган ва 1.1 триллион сўмдан ортиқ айланмалар амалга оширилган.

Мижозлар талабларини ўрганган ҳолда банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилди ва бунда контактсиз тўловларни амалга ошириш, онлайн омонатлар, банкоматлардан пластик картасиз нақд пул олиш ва бошқа бир қатор қўшимча имкониятлар яратилди. Шунингдек, смартфонлардан NFC, QR-Code орқали савдо терминали ва тўлов карта сифатида фойдаланиш ва бошқа бир қатор платформалар яратилди.

Замонавий ахборот технологияларни жорий қилиш юзасидан мижозлар билан муносабатларни бошқариш (CRM) лойиҳаси, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқариш (DWH, BI) тизимини яратиш лойиҳалари бошланди. Банкда қисқа рақамли (1254) контакт марказ ташкил этилди ва бугунги кунда ўртача бир кунда 1000 тагача қўнғироқларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

Шунингдек, тадбирда келгусида амалга ошириш кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ҳусусан, 2024 йил 31 декабрда тугайдиган молия йили якуни бўйича банк хизматлари офислари ва марказлари сонини 104 тадан 150 тага кўпайтириш режалаштирилгани маълум қилинди.