Ранг-баранг тадбирлар, анжуманлар, халқаро форумлар, мулоқотларга бой бўлган ҳафталик мамлакатимиз олимлари, сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбобларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун муҳим мулоқот майдонига айланди.

Маърифий ҳафталик «Ўзбекистон маданий мероси – Янги ренессанс асоси» маданий тадбирлари билан биргаликда мамлакатимизда  ўтказилгани эътиборга моликдир.

Бир ҳафта давомида Янги Ўзбекистоннинг дадил ва шиддат билан босиб ўтган йўли, ички ва ташқи сиёсат, унинг устуворликлари, иқтисодиёт, ҳуқуқий соҳа, транспорт ва логистика, саноат, қурилиш, экология, ахборот технологиялари ва инновацион технологиялар, маданият ва маърифат, соғлиқни сақлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги илгари мисли кўрилмаган эзгу саъй-ҳаракатлар, ҳаётбахш ташаббуслар, уларнинг натижадорлиги атрофлича муҳокама этилди. Галдаги вазифалар хусусида батафсил сўз юритилди.

Олтмишдан ортиқ хорижий давлатларнинг вакиллари – олимлар, тадқиқотчилар, экспертлар, сиёсатшунослар, академик давра вакиллари, ижодкор зиёлилар дунёга янги Ўзбекистон сифатида танилиб бораётган мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳоладилар. Айни пайтда бугунги кунда жаҳонда глобал тус олаётган таҳдидлар, хатарлар ва муаммоларга қарши биргаликда курашиш учун кучларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ҳафталик тадбирлари давомида тараққиёт сари юз тутган Янги Ўзбекистоннинг инновация ва маърифатга интилаётгани, буларнинг бари инсон қадр-қимматини юксалтиришдек эзгу мақсадга йўналтирилгани алоҳида эътироф этилди.

«Янги Ўзбекистонда: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигининг якуний тадбирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев  иштирок этди.

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири