Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакилларидан иборат делегация яқинда Германия Федератив Республикасида хизмат сафарида бўлди.

Сафар давомида Германиянинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. Сиёсий, академик ва жамоатчилик доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бундан ташқари, юртдошларимиз «Delicanto» халқаро таомлар фестивалида иштирок этди, 2015 йилда Германияда ташкил этилган “Ниҳол” ватандошлар жамияти аъзолари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашди.

Жамият аъзолари асосан ватанимиздан борган ёшлар, талабалар, илмий изланишлар қилаётган ёш олимлар ва Германиядаги немис корхоналарида ишлаётган йигит-қизлардан иборат. “Ниҳол” ватандошлар жамиятининг асосий мақсади икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни тиклаш, тажриба алмашиш, мулоқот қилиш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Ўзбек ёшлари Германияда илмий салоҳияти кучли мутахассислардан ҳисобланади. Ана шундай ёшлардан бири Камолиддин Бердиев. У Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Германиядаги вакили ҳисобланади.

Камолиддин 15 йилдан бери Германияда яшаб мактабда немис тилидан сабоқ беради. У 10-16 апрель кунлари Тошкентда ўтказилган “Ёш ватандошлар” фестивалида Германиядан делегат сифатида қатнашди.

– “Ниҳол” жамияти томонидан Германияда яшаётган ватандошларимиз билан алоқани йўлга қўйиш, уларга ўзбек тили, миллий маданиятимиз ва урф-одатларини эслатиб туришга қаратилган эзгу ишлар олиб борилади, – дейди К.Бердиев. – Ушбу жамият Берлин шаҳрининг энг катта кутубхонасидан ижарага жой олган. У ерда ҳафтада бир кун ўзбек тили курслари ташкил қилинади. Германияда хозирги кунда 8 та ўзбек-немис жамиятлари фаолият олиб бормоқда. “Ниҳол” жамияти улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

– Германияда бизнес бошқаруви бўйича магистратурада ўқиб, ҳозир немис консалтинг компаниясида лойиҳа менежери бўлиб ишлайман, – дейди яна бир ҳамюртимиз Жалол Хўжаев. – Уч йилдан бери оилам билан шу ерда яшаймиз. “Ниҳол” жамияти билан танишишда элчихонамиз ходимлари бевосита ёрдам қилишди. Ҳозир катта лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилни Ўзбекистонда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилганини эшитиб жуда севиндим. Бу бизнинг соҳамизга янада эътибор кучайишидан далолат. Хориж тажрибасини ўрганиб, турли соҳалардаги илғор технологияларни Ўзбекистонга олиб киришни мақсад қилган ёшлар учун имконият эшиклари кенг очилди. Германияга Ўзбекистондан жуда кўп ёшлар келиб ўқиб, илм олишяпти, илмий изланишлар олиб боришмоқда. Уларда янги ғоя ва ташаббуслар бисёр. Жорий йилда ватандошлар иштирокида катта конференция ташкил этишни режалаштирганмиз. Конференцияда Европа давлатларида фаолият олиб бораётган юздан ортиқ ўзбек ёшлари иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Унда тиббиёт соҳаси бўйича ўз лойиҳам билан иштирок этаман. Менга ўхшаб илм устида ишлаётган ёш ўзбеклар кўп. Улар ўзларининг эзгу ғоя ва ташаббусларини Ўзбекистонга бориб амалга ошириш ниятида.

Учрашувда Германияда яшаётган ўзбекистонлик ёшлар ўзларининг келгусидаги режалари, фикр-ўйлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

 
Ғайрат Шукуров,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Миллатлараро муносабатлар ва
хорижий мамлакатлар билан дўстлик
алоқалари қўмитаси матбуот котиби.

 

ЎзА