Халқимиз болажон. Ота-оналар дилбанди камоли учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилади. Ёз фаслида фарзандининг таътилини мароқли ўтказиши учун соғломлаштириш масканларига юборади.
Шунингдек, айни мавсумда турли меҳнат жамоалари ходимларининг фарзандларига оромгоҳларга йўлланма бериш ҳам яхши анъанага айланди. Хусусан, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида шундай хайрли иш йўлга қўйилган.
Бугун Тошкент Жанубий вокзалида акциядорлик жамияти “Тахиатош ИЭС” ҳамда “Навоий ИЭС” филиаллари ишчиларининг фарзандлари кутиб олинди. Етмиш икки нафар бола Бўстонлиқ туманидаги “Ғазалкент” соғломлаштириш оромгоҳига юборилди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан берилган маълумотларга кўра, таътил бошланиши билан ходимлар фарзандлари ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари навбат билан юборилмоқда. Навоий вилоятидан 50 нафар, Сирдарё вилоятидан 150 нафар, яна бошқа ҳудудлардан 950 нафар бола мамлакатимизнинг сўлим ҳудудларидаги оромгоҳларда дам олиб қайтган.
Ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш давомида болажонлар миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб қилувчи тадбирларда иштирок этади. Махсус дастур асосида ўқувлар, спорт мусобақалари ташкил этилади. Болаларнинг соғлом овқатланиш рационига қатъий амал қилинади.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамда тизимдаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари ташаббуси билан ёзги таътил давомида жами 2 минг нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Демак, болажонларни навбати билан оромгоҳларга юбориш давом этади.
Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА