Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросига бағишланди.

Сессияда сўзга чиққанлар кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни яратишда муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Сўнгги бир ярим йил давомида мамлакатимизда Имом Термизий ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Бухорода “Мир араб” олий мадрасаси очилди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари аввалги йилларга нисбатан икки баробарга оширилди.

Калом, Ҳадис, Ақида каби илмий мактаблар республикамиз бўйлаб ўз фаолиятини бошлади. 2017 йил 13 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «O`zbekiston» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва Тошкент Ислом университети «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда фармонда қатор устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши назарда тутилган. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё» медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, бой диний-илмий меросни кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши белгиланган.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА