9 июль – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Бу жараёнга айниқса ёшларимиз катта қизиқиш билдираётгани табиий. Маълумотларга кўра, мазкур сайловда овоз берувчиларнинг 7 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шундан, 700 мингга яқин ёшларимиз биринчи марта сайловда иштирок этади.
Хўш, ёшларимизнинг сайловда иштирок этишлари учун қандай имкониятлар яратилмоқда? Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Акмал Алимов қуйидагиларни маълум қилди.
– Бугунги кунда сайловда ёшларимизнинг иштирокини таъминлаш учун маҳаллалар, олий таълим муассасалари, хориждаги, корхона, ташкилотлар, ҳарбий хизматдаги ёшларимиз ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларнинг сиёсий жараёнлардан хабардорлигини таъминлаш мақсадида улар ўртасида фаол тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Сайловда ёшларнинг электорал маданиятини ошириш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари 3 босқичда ташкил этилди.
Хусусан, биринчи босқичда барча ҳудудларда ва туман (шаҳар)ларда ёшлар учун қизиқарли лойиҳалар (викторина, танлов, интеллектуал ўйинлар ва беллашувлар) орқали ёшларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ноанъанавий усулларда тушунтирилди. Иккинчи босқичда корхона-ташкилот ва муассасаларда, ҳарбий қисм ва жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва электорал маданиятини оширишга қаратилган “Менинг овозим – менинг келажагим”, «Сайлов – менинг ҳуқуқий» мавзуларида давра суҳбати, учрашув ва ҳуқуқий тадбирлар ўтказилиб, якунида онлайн викториналар ташкил этилди.
Учинчи босқичда эса маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, парламентнинг иккала палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари, турли йўналишларда ютуқларга эришган ва фаол ёшлар иштирокида юртимизда ёшларга яратилаётган шароитларга бағишланган роликлар ва видеоматериаллар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқатилмоқда.
Шунингдек, ёшларнинг сайлов жараёнида иштирокини мувофиқлаштириб бориш юзасидан республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) ёшлар штаблари ташкил этилиб, кундалик тарғибот ишлари, хориждаги ёшлар билан онлайн мулоқотлар ҳамда сайловга тайёргарлик жараёнлари тизимли ташкил этилмоқда.
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика босқичларида «Ёшлар ва қонун», “Ёш ҳуқуқшунос” танловлари ўтказилиб, унда 400 мингдан зиёд ёш қамраб олинди.
Жазони ижро этиш муассасаларида ҳам ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда электорал маданиятини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Олий Мажлис иккала палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари биргаликда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва электорал маданиятини оширишга қаратилган “Менинг овозим – менинг келажагим”, “Менинг танловим” мавзуларида 810 маротаба ҳуқуқий семинар ва тренинглар ўтказилиб, улар орқали 147,4 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Бундан ташқари сайлов жараёнларида имконияти чекланган ёки касалманд овоз берувчиларга кўмаклашиш, халқаро кузатувчиларга таржимонлик қилиш, референдум участкаларида ташкилий жараёнларга кўмаклашиш бўйича ҳудудларда волонтёр ёшларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
670 минг нафардан зиёд сайловда биринчи маротаба иштирок этаётган овоз берувчилар ҳамда фаол ёшларга сайлов участкаларида ёшлар ташкилотлари ва ҳудудий мутасаддилар томонидан эсдалик совғалари, шунингдек сайлов рамзи туширилган махсус кийимлар (футболка, кепка, шарф) тарқатиш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,
Дониёр Ёқубов(видео), ЎзА