Шахмат бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган жаҳон кубогининг бу йилги басҳлари жорий йилнинг 30 июль — 24 август кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтади.
Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ) мазкур нуфузли мусобақада иштирок этадиган шахматчиларнинг сўнгги рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, эркаклар ўртасидаги ўйинларда 206 нафар, аёллар ўртасидаги мусобақаларда 103 нафар дунёнинг энг кучли ва умидли шахматчилари қатнашиши белгиланди.
Умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларидан иборат жаҳон кубоги шахматчилар учун шахмат тожига даъвогарлик қилиш учун биринчи ва ягона имкониятдир. Боиси, мусобақанинг энг яхши натижага эришган уч нафар шахматчиси жаҳон чемпионлиги учун курашиш имкониятини қўлга киритади.
Эълон қилинган рўйхатга назар ташлайдиган бўлсак, улар орасида жаҳон шахматининг энг номдорлари норвегиялик Магнус Карлсен, АҚШ вакиллари Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана, россиялик Ян Непомняший, нидерландиялик Аниш Гири, озарбайжонлик Тимур Ражабов, ҳиндистонлик Гукеш қаторида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов муносиблар сифатида қайд этилган.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда ФИДE жаҳон кубогининг амалдаги соҳиби хитойлик Цзюй Вэньцзюнь, россиялик Александра Горячкина, ҳиндистонлик Хампи Конеру, Швейцария вакиласи Александра Костенюк, грузиялик Нана Дзагнидзе сафидан ўзбекистонлик Нилуфар Ёқуббоева жой олди.
Т.Рўзиев,
ЎзА