Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёнига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда институт ректори Байрамбай Отемуратов оммавий ахборот воситалари вакиллари – журналистлар ва блогерларга қабул жараёнидаги сўнгги янгиликлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, 2023-2024 ўқув йили учун қабул қилиш жараёнини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Қабул комиссияси котиби  ҳамда тегишли аъзоларидан иборат комиссия таркиби тасдиқланган бўлиб, белгиланган режа асосида иш олиб борилмоқда.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари  учун тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатиш  ва қизиқтирган саволларига  жавоб   бериш учун институтнинг 6-ўқув биносида “Call-center” ва “Маслаҳат маркази” ташкил этилди. Уларга қабул бўйича масъул мутахассислар бириктирилган бўлиб абитуриентларга зарур маслаҳатлар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 июндаги “2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” фармойиши асосида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасасига қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.

Қайд этилганидек, бакалавриатнинг кундузги 25 та таълим йўналишига жами 2 минг 45 та ўрин, шундан, давлат гранти асосида  560 та ва тўлов-шартнома асосида 1минг 485 та ўрин;

– бакалавриатнинг сиртқи 9 та таълим йўналишига тўлов-шартнома асосида 550 та ўрин;

– бакалавриатнинг кечки 7 та таълим йўналиши бўйича тўлов-шартнома асосида жами 350 ўрин;

– магистратура йўналишида 22 та мутахассислик учун жами 111 ўрин, шундан, давлат гранти асосида 37 та ва тўлов-шартнома асосида 74 та  ўрин ажратилди.

Тадбирда қабул жараёнидаги аҳамиятли янгиликлар, амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, касб байрами муносабати билан оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ вакиллари ва блогерларга олий ўқув юртининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА