Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ” дала ўқув майдонида “Амир Темур издошлари” спартакиадаси доирасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичи ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳаллаларида истиқомат қилаётган “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшлар ҳамда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”дан ўрин олган оилалар фарзандлари қатнашди. Жумладан, 17 ёшдан 22 ёшгача бўлган 140 нафар уюшмаган ёшлардан ташкил топган 14 жамоа синовдан ўтказилди. “Ҳарбий-ватанпарварлик блоки” да жамоа аъзолари Ўзбекистон ҳарбий тарихига доир билимларини намойиш қилди.
Шунингдек, жамоаларнинг фотоальбомлари ва вимпеллари, “Мен, нечун севаман Ўзбекистонни?” мавзусидаги тақдимот ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик варақалари кўрикдан ўтказилди. “Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки”да жамоалар пневматик қуролдан ўқ отиш, ўқув гранатасини улоқтириш ва ҳарбийлаштирилган эстафета бўйича беллашди. Ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида ёшлар “АК-74” автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва тўлиқ йиғиш ҳамда газга қарши ниқобни кийиб, белгиланган масофага югуриш шартларини бажарди.
Ўйинлар давомида ёшларнинг мусобақа шартларини бажаришларида ғалабага кучли интилиши, ҳарбийликка бўлган қизиқиши сезилиб турди. Дўстона шу билан бирга муросасиз кечган турнир якунида Хоразм вилояти жамоасининг қўли баланд келиб, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раисининг кубогини ўзида сақлаб қолди.
Иккинчи ўрин Навоий вилояти, учинчи ўрин эса Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди. Якунда ғолиблик ва фахрли ўринларни қўлга киритган жамоалар аъзолари дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Эътиборлиси, мазкур ўйинларда юқори натижаларни кўрсатган 11 нафар йигит ва қизлар спорт разрядларига эга бўлди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.