Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назоратига оид масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган.
Дастлаб мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда ижара ва лизинг соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Абдуғани Умиров. — Бу саъй-ҳаракатлар туфайли аҳолининг мазкур турдаги хизматларга бўлган талабларини қондиришга имкониятлар яратилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг ишончига кириб уларни алдов ва фирибгарлик йўли билан ижара ва лизинг муносабатларида жиноят содир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Қонун лойиҳасида ижара ва лизинг муносабатларига оид 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутиляпти. Яъни, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари киритилмоқда. Амалдаги қонунчиликда кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олувчиларнинг келгусида шартнома объектини мулк қилиб олишдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир механизмлар етарлича эмас. Шу боис, ушбу турдаги шартноманинг ўзига хос хусусиятларини қонунчиликда аниқ акс эттириш таклиф этиляпти.
Масалан, “Лизинг тўғрисида”ги Қонунга лизинг шартномаси тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғисидаги норма киритиш таклиф қилинмоқда. Бунда алоҳида гаров шартномаси тузиш талаб этилмайди ҳамда ваколатли орган шартнома объектини лизинг шартномасига асосан гаров реестрига киритади. Шунингдек, лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги назарда тутувчи норма билан тўлдириш белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар юзасидан қатор фикр ва таклифларни ўртага ташлади. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижара ва лизинг муносабатларида қонунийликни таъминлаш ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш, шунингдек, лизинг муносабатлари субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Қизғин баҳс-мунозалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА